Мамлакатнинг турли ҳудудларида умумий қиймати 1,5 трлн тенгега тенг 190 та ишлаб чиқариш объекти ишга туширилди – Тоқаев

ASTANA. Kazinform – Мустақиллик саройида Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев иштирокида барча даражадаги маслиҳат депутатларининг III Республика форуми бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Ақорда хабар берди.

форум
Фото: Ақорда

“Ўнлаб йиллар давомида иқтисодиётимизда танқислик ва бир томонламалик кўп бўлганини биласизлар. Бу мамлакатимизнинг янада ривожланишига катта тўсиқ бўлди ва бундай салбий ҳолат ҳалигача сақланиб келмоқда. Ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги соҳалари секин ривожланди. Коммунал-хўжалик, энергетика, сув ва йўл инфратузилмалари эса анча эскириб кетган”, — деди Давлат раҳбари.

Ҳозирда вазият Ҳукуматнинг мақсадли иши туфайли аста-секин ўзгармоқда.

““Биз давлатимизнинг янги индустриал, энергетик ва инфратузилмавий таянчини, яъни пойдеворини яратишга киришдик. Масалан, ишлаб чиқариш саноатининг ривожланиш суръати кетма-кет икки йил давомида 6 фоиздан ошди. Бу жараён ҳудудлар учун мустаҳкам иқтисодий пойдевор яратиш имконини беради.

Фақат ўтган йили мамлакатнинг турли ҳудудларида умумий қиймати 1,5 триллион тенгега тенг 190 та ишлаб чиқариш объекти ишга туширилди. 22 мингдан ортиқ доимий иш ўринлари яратилди. Ва бу йил, Ҳукуматнинг прогнозига кўра, қиймати 1,7 триллион тенгега тенг 200 та корхона иш бошлайди. У ерда тахминан 20 минг иш ўрни яратиш режалаштирилган”, - деди у.

Шундай қилиб, Қозоғистоннинг аввалги саноат салоҳияти қайта тикланади. Саноатнинг мутлақо янги тармоқлари пайдо бўлади. Мисол қилиб машинасозлик ва электр ускуналари ишлаб чиқариш соҳасини келтириш мумкин.