Лос-Анжелес-2028: Паралимпиядада тарихий ўзгаришлар ва янги спорт турлари
«Los Angeles 2028» ёзги Паралимпия ўйинларининг мусобақалар дастури эълон қилинди. Халқаро Паралимпия қўмитаси бошқарув кенгаши томонидан тақдим этилган дастурга кўра, ушбу мусобақаларда тарихдаги энг кўп медаллар жамғармаси ўйналади.

Паралимпия ўйинларида 23 та спорт тури бўйича жами 560 та дастурда медаллар учун кураш олиб борилади. Бу кўрсаткич «Париж-2024» мусобақасидан 11 та кўпдир. Айниқса, аёллар иштирокидаги дастурлар сонининг оширилгани ва пара қояни забт этиш спорти илк бор киритилгани алоҳида аҳамият касб этади.
Янги тасдиқланган спорт турлари рўйхатига кўра, эркаклар ўртасида 267 та, аёллар ўртасида 247 та, аралаш жамоавий йўналишда эса 46 та йўналиш бўйича медаллар ўйналади. Пара енгил атлетика (164 та), пара сузиш (142 та), пара велоспорт (51 та) каби йирик турларда энг кўп дастурлар белгиланган. Шунингдек, кўзи ожизлар футболи, пара таэквондо, аравачадаги қиличбозлик ва пара ўқ отиш каби спорт йўналишлари ҳам кенг кўламда қамраб олинган.
Мусобақаларга ажратилган йўлланмалар сони ҳам олдинги Паралимпия ўйинларига нисбатан ошган. Умумий ҳисобда Лос-Анжелесдаги баҳсларда 4 480 та квота ажратилади. Бу кўрсаткич Париждаги ўйинларга нисбатан 80 тага кўп. Спортчилар учун энг кўп йўлланмалар пара енгил атлетика (1 089 та), пара сузиш (605 та), пара велоспорт (220 та) ва аравачадаги баскетбол (192 та) спорт турларида белгиланган.
Пара қояни забт этиш спорти илк бор Паралимпия дастурига киритилди ва унда 8 та мусобақа ўтказилиши, 80 та квота ажратилиши режалаштирилган. Бу янгилик спорт оламида кенг эътирофга сабаб бўлди. Шунингдек, гендер тенглигини таъминлаш мақсадида кўплаб спорт турларида эркаклар ва аёллар учун тенг миқдорда дастурлар ва квоталар ажратилган.
Паралимпия ўйинлари доирасида айрим спорт турларида аралаш жамоавий йўналишлар ҳам кўзда тутилган. Масалан, пара камондан отиш, пара академик эшкак эшиш, пара стол тенниси, аравачадаги қиличбозлик ва бошқаларда аралаш дастурлар мавжуд. Бу ҳолат пара спортда инклюзивликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Йўлланмалар спорт турларига қараб фарқланади. Масалан, пара таеквондода 120 та, пара триатлонда 120 та, пара пауерлифтингда эса 180 та квота ажратилган. Шу билан бирга, гендер тенглигига алоҳида эътибор берилиб, айрим спорт турларида йўлланмалар айнан тенг тақсимланган. Масалан, пара таэквондо ва аравачадаги регбида барча квоталар гендер мувозанати асосида белгиланади.
«Los Angeles 2028» Паралимпия ўйинларида нафақат спортчилар сони ва мусобақа кўламининг кенгайгани, балки имконияти чекланган спортчилар учун яратилган янги имкониятлар ҳам эътиборга молик. Хусусан, аёллар спортини ривожлантиришга, янги спорт турларини киритишга ва глобал инклюзивликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар тарихий қадам сифатида баҳоланяпти.
Халқаро Паралимпия қўмитаси томонидан тақдим этилган мазкур янгиланган дастур бутун дунё бўйлаб пара спорт жамоатчилиги томонидан илиқ кутиб олинди. Бу орқали Лос-Анжелес ўйинлари пара спорт тарихида муҳим босқичлардан бирига айланиши кутиляпти. Таъкидлаш жоизки, бундай кенг қамровли ва адолатли мусобақалар дастури Паралимпиячиларга ўз имкониятларини тўлиқ намоён этиш имконини беради.