Кранс-Монтанадаги ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар сони 41 кишига етди
ASTANA. Kazinform – Швейцариянинг Кранс-Монтана тоғ-чанғи курортидаги барда содир бўлган ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар сони 41 кишига етди, деб хабар беради Euronews.
Янги йил арафасида Le Constellation барида содир бўлган ёнғинда оғир куйиш жароҳати олган 18 ёшли ўсмир бир ой давомида тиббий кузатув остида бўлган, аммо унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган. У 31 январда Цюрих шаҳридаги касалхонада вафот этди.
Вале кантонининг прокурори Беатрис Пийю AFP агентлигига берган баёнотида бу маълумотни тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, фожиа қурбонларининг умумий сони 41 кишига етди. Шунингдек, тергов жараёни ҳақида янги маълумотлар ҳозирча эълон қилинмаслиги таъкидланди.
Жабрланганлар 14 ёшдан 39 ёшгача. Уларнинг аксарияти ўсмирлар. Фақат тўрт киши 24 ёшдан ошган. Жабрланганлар орасида 23 нафар Швейцария фуқароси ва 18 нафар бошқа давлат фуқароси, жумладан, саккиз нафар Франция фуқароси бўлган.
Ёнғин 2026 йил 1 январга ўтар кечаси содир бўлган. Ҳодиса натижасида 100 дан ортиқ одам жароҳат олган.
Дастлабки тергов маълумотларига кўра, ёнғин шампан шишаларига ўрнатилган бенгал чироқларидан чиққан. Томни қоплаган акустик кўпик материал тез ёниб кетиб, бир неча сония ичида аланга бутун хонани қамраб олган. Натижада, ташриф буюрувчилар бинодан чиқа олмаган, улар ёнғин ичида қолиб кетган.