ҚР Сув ресурслари вазирлиги франциялик мутахассислар билан биргаликда Балқаш кўли ҳавзасини ўрганди

ASTANА. Кazinform – ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги франциялик мутахассислар билан биргаликда Балқаш кўли ҳавзасини ўрганди, Алмати вилоятининг Балқаш туманида кенг кўламли дала экспедицияси ўтказилди.

Балқаш кўли
Фото: Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги

У Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги ҳамда Франция илмий консорциуми томонидан мамлакат илмий ташкилотлари ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ҳамкорлигида ташкил этилди.

Экспедициянинг мақсади Балқаш кўли ҳавзасидаги сув ресурслари ҳолатини ҳар томонлама ўрганиш, жумладан, ер усти ва ер ости сувларини мониторинг қилиш, суғориладиган деҳқончилик майдонларини таҳлил қилиш, ҳудуднинг сув балансини моделлаштириш учун дала маълумотларини тўплаш ва текширишдан иборат.

Экспедиция таркибига Франция илмий консорциуми, Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги, Балқаш-Алакўл ҳавзаси инспекцияси, “Қазидрогеология” миллий гидрогеология хизмати мутахассислари, У.М. Аҳмедсафин номидаги Гидрогеология ва геоэкология институти ҳамда “Қазақмис корпорацияси” МЧЖ вакиллари қўшилди.

Мутахассислар томонидан Бояули, Береке, Бақанас, Бақбақти, Бирлик қишлоқ округларидаги ирригация тизимлари кўздан кечирилди. Текширув давомида қишлоқ хўжалиги ерларини сув билан таъминлаш, каналларнинг техник ҳолати, инфратузилмани янгилаш зарурати, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, сувдан қайта фойдаланиш, мелиоратив тизимлар ҳолати, ер ости сувлари даражаси ҳам муҳокама қилинди. Экспедиция иштирокчилари Алмати вилоятининг асосий сув ҳавзаларида, жумладан, Қапшағай сув омборида, Или дарёсининг соқасида, мелиоратив ва артезиан қудуқларида, Сорбулақ кўлида бўлди. Алматидаги етакчи илмий-тадқиқот институтларида ҳам учрашувлар ташкил этилди.

– Ўрганиш натижалари бўйича давлат органлари ва манфаатдор томонларга тавсиялар берилган таҳлилий ҳисобот тайёрланади. Франциялик экспертлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳа Балқаш кўлини 2040 йилгача бўлган прогноз билан сақлаш бўйича бош режани ишлаб чиқишга қаратилган. Жорий тадқиқот ишлари Қозоғистон ва Франция ўртасида экология, сувдан фойдаланиш ва илмий алмашинув соҳасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир, — деди ҚР Сув ресурслари вазирлигининг сув сиёсати департаменти директори ўринбосари Марат Иманалиев.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрь ойида Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги, Франция тараққиёт агентлиги (AFD) ва Франциянинг геологик ва кончилик тадқиқотлари бюроси (BRGM) ўртасида Балқаш кўли ҳавзасини ҳамкорликда тадқиқ қилиш ва кўлни сақлаш бўйича бош режани ишлаб чиқиш учун грант ажратишни назарда тутувчи уч томонлама шартнома имзоланган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қарағандидан Балқашга қўшимча тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилиши ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар