ҚР Савдо вазирлиги: АҚШ божлари Қозоғистон экспортининг фақат 4,8 фоизига таъсир қилади
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазирлиги АҚШнинг қўшимча бож жорий этиш масаласи юзасидан расмий изоҳ берди.

Вазирлик маълумотига кўра, Қозоғистон АҚШ томонидан жорий этилган қўшимча божлар масаласида музокараларни давом эттирмоқда. Бу жараён доирасида жорий йил июнь ойида Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирлиги вакиллари АҚШ билан икки томонлама учрашув ўтказган. Унда Қозоғистон томони ўзаро манфаатли савдо ҳамкорлигини ривожлантириш, товар етказиб бериш занжирларининг барқарорлигини таъминлаш ва бозорга адолатли кириш шароитларини яратиш масалаларини қамраб олган расмий таклифни АҚШга тақдим этган. Таклиф 2025 йил 2 апрелда АҚШ президенти Д.Трамп имзолаган фармон ва унга киритилган кейинги ўзгаришлар асосида ишлаб чиқилган.
“Музокаралар чоғида томонлар савдо-иқтисодий муносабатлар бўйича кенгайтирилган икки томонлама мулоқот доирасида илгари сурилган ташаббусларни атрофлича кўриб чиқмоқда. Қозоғистон томони конструктив ҳамкорликка тайёр эканини тасдиқлайди. Қарши томон ҳам музокараларни давом эттиришга очиқ. Бу эса ўзаро манфаатли ва икки давлат манфаатларига мос келувчи ечимларни ишлаб чиқишга замин яратади. Илгари хабар қилинганидек, жорий этилган бож чоралари АҚШга Қозоғистондан етказиб берилаётган умумий экспорт ҳажмининг атиги 4,8 фоизига таъсир қилади, қолган 95,2 фоизи эса янги бож тўловларидан холи бўлади”, – дея изоҳ берди вазирлик.
Савдо ва интеграция вазирлиги матбуот хизматининг таъкидлашича, янги божлар таъсири сариқ фосфор, ферросилиций, линзалар, буғдой глютени ва аммиак селитраси каби товарларга тааллуқли.
Маълумот ўрнида, 2025 йилнинг биринчи ярмида АҚШга сариқ фосфор экспорти 2,2 минг тоннани ташкил этди (умумий ишлаб чиқариш ҳажми – 43 минг тонна). Ферросилиций бўйича экспорт ҳажми 1 482,6 тонна (умумий ишлаб чиқариш – 41 830,1 тонна). Аммиак селитраси бўйича АҚШга етказиб бериш амалга оширилмаган ва 2025 йил учун экспорт режалаштирилмаган. Буғдой глютени бўйича эса 2025 йилнинг олти ойида АҚШга 6 500 тонна маҳсулот (тахминан 8,12 миллион АҚШ доллари) юборилган.