ҚР Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида умумий қиймати 8 миллиард долларлик шартномалар имзоланиши кутилмоқда – ҚР Бош вазири ўринбосари

Ҳар йили ўтказиб келинаётган қўшма учрашувлар мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётган яхши анъанага айланганини таъкидлади. Ўзбекистон Қозоғистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги асосий ва узоқ муддатли ҳамкори ҳисобланади.
«Икки давлат ҳукуматлари олдига товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган. Жорий йилнинг 10 ойи якунлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35 фоизга ўсиб, 4,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этди», — деди Серик Жуманғарин.
Унинг сўзларига кўра, ҳозир Қозоғистонда Ўзбекистон сармояси иштирокидаги 1400 дан ортиқ корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. 400 дан ортиқ қозоқ-ўзбек қўшма корхоналари мавжуд. Бугунги кунга қадар мамлакатлар ўртасидаги саноат кооперацияси 2,2 миллиард долларлик 38 дан ортиқ лойиҳани ўз ичига олади, 11 мингга яқин иш ўрни яратилди.
«Бугунги форум майдончасида қарийб 1 миллиард долларлик шартномалар имзоланган. Айни пайтда Қозоғистон Президентининг давлат ташрифи доирасида умумий қиймати 8 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган қатор келишув ва ҳужжатлар имзоланишини кутмоқдамиз», — деди Бош вазир ўринбосари.
Муаллиф: Мадибек Жанибеков