ҚР Президенти: Жаҳон иқтисодиётида вазият беқарор бўлиб бормоқда, биз ҳар қандай вазиятга тайёр бўлишимиз керак
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида Хавфсизлик кенгашининг ишчи мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ақорда маълум қилди.

Йиғилишда тарифлар билан боғлиқ низолар туфайли жаҳон бозоридаги ўзгарувчан вазиятга жавобан мамлакатнинг ҳаракат режаси муҳокама қилинди.
ҚР Бош вазири Олжас Бектенов, ҚР Миллий банк раиси Тимур Сулейменов, шунингдек, бошқа ваколатли органлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
Президент ҳозирги жаҳон иқтисодий аҳволи беқарор бўлиб бораётгани, шу боис ҳар қандай вазиятга тайёр туриш зарурлигини таъкидлади.
Кенгаш йиғилишида Қасим-Жомарт Тоқаев келгусидаги ишларнинг асосий йўналишларини белгилаб берди.
“Ҳукуматнинг вазифаси аҳоли фаровонлиги, иқтисодий ўсиш суръатлари, жалб этилаётган инвестициялар ҳажмининг пасайишига йўл қўймасликдир”, – деди Давлат раҳбари.
Президент глобал инқирозлар доимо муаммоларга тўла бўлса-да, тараққиёт учун янги уфқлар очишини ҳам таъкидлади.
Давлат раҳбари Қозоғистоннинг иқтисодий, транспорт-логистика ва инсон салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган аниқ стратегик йўналишларни айтиб ўтди.
Йирик инфратузилма лойиҳалари ва рақамлаштириш режалари мамлакат иқтисодий сиёсатининг асосий йўналишлари бўлиб қолмоқда.
“Биз халқ олдидаги барча асосий ижтимоий мажбуриятларни бажаришимиз, муҳим инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда давом этишимиз керак”, – деди Президент.
Давлатнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, пул-кредит сиёсатини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш якунида Президентимиз давлат органларига бир қатор аниқ топшириқлар берди.
Аввал хабар қилинганидек, ҚР Президенти легионерларни бюджетдан молиялаштиришни тақиқловчи Қонунни имзолади.