ҚР Президенти Ташқи инвесторлар кенгашининг 37-йиғилишини ўтказди

ASTANA. Kazinform – Йиғилишни очар экан, ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Ташқи инвесторлар кенгаши давлат ва унинг халқаро ҳамкорлари ўртасидаги стратегик ҳамкорлик учун ишончли платформаси бўлиб қолaётганини таъкидлади, деб хабар беради Ақорда.

Глава государства провел 37-е пленарное заседание Совета иностранных инвесторов
Фото: Ақорда

Президент сўзларига кўра, бу форум 20 йилдан зиёд вақтдан бери Қозоғистонда инвестицияга йўналтирилган экотизимни шакллантиришда муҳим ўрин тутади.

“Кенгаш фаол иштирокида биз инвестиция муҳитини яхшилаш, очиқликни ошириш ва Қозоғистонда бизнес юритиш шароитларини соддалаштиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширишни давом эттирамиз”, – деди Давлат раҳбари.

Президент халқаро экспертлар ва таҳлилчилар яқин йилларда жаҳон ЯИМ ўсиши суръатлари 2,9 фоизгача секинлашиши мумкинлигини башорат қилаётганини маълум қилди.

“Биз инфляция босими кучайгани, глобал таъминот занжирларидаги узилишлар ва бизнес муҳитидаги беқарорлик ортиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу тенденциялар жаҳон иқтисодиёти истиқболларини янада ёмонлаштириши мумкин. Шу шароитда конструктив халқаро мулоқот зарур. Бундай иқтисодий қийинчиликларга қарамай, Қозоғистон каби ривожланаётган мамлакатлар ташқи таъсирларга чидамли бўлиб қолмоқда. 2025 йилнинг дастлабки беш ойида мамлакат иқтисодиёти 6 фоизга ўсди. Бу ўсишга асосан транспорт ва логистика, қурилиш, савдо, кончилик ҳамда қайта ишлаш соҳалари ҳисса қўшди”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Унинг таъкидлашича, Қозоғистоннинг геостратегик жойлашуви, ривожланган инсон капитали ва ислоҳотларга қатъий содиқлиги миллий иқтисодиёт ва инвесторлар учун кенг имкониятлар яратади.

Президент Инвестиция штаби фаолияти ҳақида ҳам гапирди. Унинг сўзларига кўра, штаб «шу ерда ва ҳозир» тамойили асосида инвесторларнинг масалаларини тезкор ҳал этишга хизмат қилмоқда. Шу пайтгача штаб 70 миллиард долларлик 137 та инвестиция лойиҳаси бўйича масалаларни ҳал этишга кўмаклашган ҳамда инвесторлар муаммоларини бартараф этиш мақсадида қонунчиликка 140 та ўзгартиш киритишга сабабчи бўлган.

Жорий йилдан бошлаб, ҳеч бир давлат органи Бош прокуратура розилигисиз инвесторларни текшириш, маъмурий иш очиш, судга даъво киритиш ёки чекловлар қўллаш ҳуқуқига эга эмас.

“Шунингдек, биз инвесторлар учун давлат хизматларини «ягона дарча» тамойили асосида бирлаштирувчи Миллий рақамли инвестиция платформасини ишга туширдик. Унда маслаҳат беришдан тортиб, рухсатномалар олишгача бўлган хизматлар тақдим этилади. Бундан ташқари, Сенат муҳокамасига янги Солиқ кодекси киритилган. У бизнес фаоллигини рағбатлантириш ва хусусий инвестицияларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Кодекс маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантираётган инвесторлар учун мақсадли имтиёзлар, шунингдек, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар экспортини қўллаб-қувватлаш чораларини назарда тутади”, – деди Президент.

Қасим-Жомарт Тоқаев ўз нутқида инвесторлар билан ҳамкорликдаги энг истиқболли йўналишларни санаб ўтди. Жумладан, у Қозоғистоннинг саноат салоҳиятини ошириш масаласига тўхталди.

“Кончилик соҳаси иқтисодиётимизнинг қайта ишлаш секторининг асосий устуни бўлиб қолмоқда. Кончилик ва металлургия соҳасининг глобал аҳамиятини инобатга олган ҳолда, Қозоғистон инвесторлар учун қулай, шаффоф ва кенг қамровли қонунчиликка эга барқарор юрисдикция шакллантирди. Олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида Rio Tinto, Fortescue, Ivanhoe, First Quantum ва Tech Resources каби йирик халқаро компаниялар Қозоғистонда геология-қидирув ишларига жалб этилди. Янги Солиқ кодексида хомашёни мамлакат ичида чуқур қайта ишлашни рағбатлантирувчи роялти тизими назарда тутилади. Бой табиий ресурслар базаси, замонавий ер ости бойликларидан фойдаланиш қонунчилиги ва очиқ солиқ тизими Қозоғистонга стратегик муҳим минераллар бўйича глобал таъминот занжирида муҳим ўрин эгаллаш имконини беради”, – деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон хомашёни чуқур қайта ишлаш ва янги авлод саноат ишлаб чиқариши йўлида қатъий қадамлар ташлаётганини таъкидлади.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон хомашёни чуқур қайта ишлаш ва янги саноат тармоқларини ривожлантиришга йўналтирилган қатъий ислоҳотларни амалга ошираётганини таъкидлади.

Унинг таъкидлашича, темир йўл машинасозлиги соҳасида мамлакат Wabtec, Alstom ва Stadler компаниялари билан муваффақиятли ҳамкорлик қилмоқда. Жумладан, Alstom Қозоғистонда сервис марказларини барпо этмоқда ва 2028 йилдан бошлаб янги авлод локомотивларини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Wabtec компанияси эса 200 миллион долларлик сармоя билан альтернатив ёқилғида ҳаракатланувчи темир йўл таркибини ишлаб чиқаришни бошламоқда. Stadler Rail эса йилига 100 та вагон ишлаб чиқариш қувватига эга завод қурди.

Давлат раҳбари Қозоғистон агросаноат сектори улкан салоҳиятга эга эканини таъкидлади. Мамлакат дунё бўйича қишлоқ хўжалиги ерлари майдони бўйича 6-ўринни, дон экспорт қилувчи етакчи 10 давлат қаторидаги ўрнини эгаллаб туради. Президент ўз нутқида PepsiCo, Fufeng Group ва Dalian Hesheng каби халқаро инвесторларнинг муваффақиятли фаолияти мисолида улар маҳаллий маҳсулотларга барқарор талабни таъминлаётгани ва илғор технологияларни жорий этаётганини қайд этди.

Нутқда Қозоғистоннинг стратегик транзит маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

“Биз 2029 йилгача мавжуд 11 минг км темир йўлларни реконструкция қилиш ва 5 минг км янги йўллар қуришни режалаштирганмиз. Жорий йилнинг ўзида Дўстлик – Мойинти йўналишида режадан икки йил олдин 830 км темир йўл участкаси ишга туширилади. Бу йўналишда ўтказувчанлик беш баробар ошади. Шунингдек, Дарбаза – Мақтаарал, Бахти – Аягўз, Мойинти – Қизилжар ва Алтинкўл – Жетиген каби устувор коридорларни кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда. Бу лойиҳалар Қозоғистон орқали ўтувчи транзит юк ҳажми ва юк ташиш тезлигини оширади”, – деди Президент.

Шу билан бирга, автомобиль йўллари инфратузилмасини яхшилаш ва хавфсизлигини ошириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. 2024 йилда учта йирик халқаро автомобиль трассаси – Талдиқорған – Ўскемен, Қарағанди – Алмати, Ақтўбе – Атирау – Астрахань йўллари фойдаланишга топширилди. Бу билан мамлакатдаги автомагистраллар узунлиги 1600 км га ошди. Бу 2023 йилда фойдаланишга топширилган йўллардан икки баробар кўп. Жорий йилда эса 13 минг километрдан зиёд йўлни қуриш ва янгилаш ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Алмати, Қизилўрда ва Чимкент шаҳарларида янги халқаро аэропорт терминаллари очилди. Улар аэропортлар ўтказувчанлигини олти баробарга ошириш имконини берди.

Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон БМТ рейтингига кўра рақамли трансформация даражаси бўйича дунёдаги энг яхши 30 мамлакат қаторига киришини эслатиб ўтди. 2018 йилдан буён мамлакатда финтех-компаниялар сони 4 баробарга ошди. Астана Халқаро молия марказида (АХММ) 4000 дан зиёд иштирокчи рўйхатдан ўтган, жумладан криптовалюта биржалари ва тўлов сервислари.

Президент рақамли технологиялар ва сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантиришда халқаро ҳамкорларни ҳамкорликка чорлади.

“АХММ Шарқий Европа ва Марказий Осиёда Глобал молия марказлари индекси бўйича биринчи ўринни эгаллаб турибди. У «яшил» ва рақамли молия бўйича минтақада етакчи. Қозоғистондаги барча транзакцияларнинг 89 фоизидан зиёди нақдсиз шаклда амалга оширилмоқда. Мобиль банкингдан фойдаланиш сўнгги тўрт йилда 460 фоизга ошди. Биз CryptoCity номли инновацион тажриба ҳудудини яратишни режалаштирганмиз, унда криптовалюта воситасида товар ва хизматлар сотиб олиш мумкин бўлади. Биз учун сунъий интеллект соҳасини ривожлантириш стратегик аҳамиятга эга. СИ мамлакат рақобатбардошлиги, рақамли суверенитети ва келажак ўсишининг асосий омили деб ҳисоблаймиз”, – деди Президент.

Йиғилиш якунида Қасим-Жомарт Тоқаев давлат ва хусусий сектор ўртасидаги узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик барқарор ва инклюзив иқтисодий ўсишнинг асосий омили бўлиб қолишини ишонч билан таъкидлади.

Тадбир давомида ЕТТБ президенти Одиль Рено-Бассо, Қозоғистон саноат ва қурилиш вазири Ерсаин Нағаспайев, Ташқи инвесторлар кенгаши ассоциацияси раҳбари Ерлан Досимбеков, Осиё тараққиёт банки вице-президенти Бхаргав Дасгупта, VEON гуруҳи бош ижрочи директори Каан Терзиоғлу, CNPC вице-президенти Чжан Даовэй, Alstom компаниясининг Африка, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича президенти Мартан Вожур сўзга чиқишди.

Сўнгги хабарлар