ҚР Президенти миллий хавфсизлик органлари фаолияти юзасидан қатор топшириқлар берди
ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Ермек Сағимбаевни қабул қилди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Президентга қўмитанинг йил бошидан буён амалга оширган фаолияти якунлари ва келгуси даврдаги вазифалари тўғрисидаги ҳисоботи тақдим этилди.
Давлат хавфсизлиги
Терроризм ва диний экстремизм учун 43 нафар шахс судланган, 34 нафар фуқарога нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терроризм ва экстремизмга алоқадор бўлган 212 нафар чет эл фуқаросининг Қозоғистонга киришига чек қўйилди, 1498 нафар радикал ташкилотларга аъзо бўлган хорижликларнинг мамлакатга кириши чекланди. Террор ва экстремистик жиноятлар содир этгани учун қидирувда бўлган 12 нафар чет эл фуқароси қўлга олинди.
Жиноятга қарши кураш
13 та жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилиб, уларнинг 142 нафар аъзоси ва 40 нафар фуқаро қўлга олинди, ноқонуний муомалада бўлган 282 дона ўқотар қурол, 48 дона граната, 4586 дона ўқ-дорилар мусодара қилинди. 12 та дори ишлаб чиқариш лабораторияси, шунингдек, 13 та халқаро ва 12 та ҳудудий транспорт каналлари демонтаж қилинди. Ноқонуний муомаладан 3,2 тонна гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ҳамда 7,5 тонна прекурсорлар мусодара қилинди.
Коррупция
Коррупция ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйган давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида фаолият юритаётган 15 нафар мансабдор шахс қўлга олиниб, давлатга етказилган 1,6 триллион тенгедан ортиқ зарарнинг олди олинди, шундан 220 миллиард тенге ғазнага қайтарилди.
Чегара ва киберхавфсизлик
16 мингдан ортиқ чегара қоидабузарлари қўлга олинди, 3025 нафар фуқаро депортация қилинди, 600 дан ортиқ қурол ва ўқ-дорилар, гиёҳванд моддалар ва бошқа тақиқланган нарсаларни олиб ўтишга уриниш фош этилди, 11 миллиард ва 16,6 миллиард тенгелик товарларнинг ноқонуний равишда чегарадан ўтишининг олди олинди.
Давлат органларининг ахборот тизимларига қилинган 796 миллион киберҳужумлар фош этилди.
Президент миллий хавфсизлик органлари фаолияти юзасидан қатор топшириқлар берди.