ҚР Президенти инвестициявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича ШҲТ Идорасини ташкил этишни таклиф қилди
ASTANA. Kazinform – Қасим-Жомарт Тоқаев Астана халқаро молия маркази базасида истиқболли инвестициявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлайдиган ШҲТ Идорасини ташкил этишни таклиф этди, деб хабар берди Ақорданинг матбуот хизмати.

Давлат раҳбари савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кучайтириш жуда долзарб эканини таъкидлади. Шу билан бирга, Қозоғистон ШҲТнинг санкциялар босимига қарши эркин ва адолатли жаҳон савдосини ривожлантириш бўйича аниқ ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.
«ШҲТ тузилганидан бери мамлакатларимизнинг жаҳон ялпи ички маҳсулотидаги улуши икки баробар ошиб, 30 фоизга етди. Ҳудудий ички савдо изчил ўсмоқда. Ўтган йил якунига кўра, унинг ҳажми 650 миллиард доллардан ошди. Қозоғистоннинг ШҲТ мамлакатлари билан товар айирбошлаши ҳам барқарор ўсиб, ўтган йили 70 миллиард долларга яқинлашди. Қозоғистон ШҲТ Тараққиёт банкини ташкил этиш тўғрисидаги Хитой ташаббусини қўллаб-қувватлайди ва мазкур истиқболли лойиҳада фаол иштирок этишга тайёр. Бундан ташқари, Астана халқаро молия маркази базасида истиқболли инвестициявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб, ҳуқуқий, консалтинг ва молиявий компанияларни жамлайдиган ШҲТ Идорасини ташкил этишни таклиф қиламан», – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Бунгача ҚР Президенти Қозоғистон терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши куч бирлаштиришга тайёр эканлигини маълум қилди.