ҚР Президенти иккинчи даражали банклар билан ҳамкорликда иқтисодиётнинг реал секторини молиялаштириш бўйича кўрсатмалар берди
ASTANA. Kazinform – ҚР Президенти “Байтерек” миллий бошқарув холдинги” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Рустам Қарағойшинни қабул қилди. Бу ҳақда Ақорда маълум қилди.

Қасим-Жомарт Тоқаевга холдингнинг ўтган йилги фаолияти ва жорий йилги режалари ҳақида ҳисобот тақдим этилди.
Бошқарув раисининг сўзларига кўра, ўтган йили холдинг томонидан қарийб 6 триллион тенгелик ёрдам кўрсатилган. Шундан 4,1 триллион тенге йирик, ўрта ва кичик бизнес субъектларига, 1,9 триллион тенге уй-жой қурилиши соҳасига йўналтирилган.
“Қасим-Жомарт Тоқаевга маълум қилинишича, холдинг активлари ўтган йили 14,1 триллион тенгега етган. Инвестиция ва кредит портфели 10,3 триллион тенгега ошган, соф даромад эса 416 миллиард тенгени ташкил қилган. Рустам Қарағойшиннинг сўзларига кўра, бу маблағни холдинг компаниялар гуруҳи доирасидаги дастурларни амалга оширишга сарфлаш режалаштирилган”, – дейилади хабарда.
Президентга “Даму” тадбиркорликни ривожлантириш жамғармаси негизида иккита кафолат жамғармаси ишга туширилгани ҳақида маълумот берилди. Улардан бири кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлса, иккинчиси қиймати 7 миллиард тенгедан ортиқ йирик лойиҳаларни молиялаштиришга қаратилган.
Бундан ташқари, Президентга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш бўйича қатор ташаббуслар, жумладан, хорижий ҳамкорлар билан қўшма маблағлар ҳисобидан қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш, тоғ-металлургия соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида маълумот берилди. Бу фондлар Астана халқаро молия маркази юрисдикцияси остида ташкил этилади.
Давлат раҳбари мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш учун илгари сурилган ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш муҳимлигини таъкидлади.
Қасим-Жомарт Тоқаев “Байтерек” холдингига иккинчи даражали банклар билан биргаликда иқтисодиётнинг реал секторини молиялаштириш ва Энергетика ва коммунал хўжалик тармоқларини модернизация қилиш миллий лойиҳасини амалга ошириш учун маблағларни жалб қилиш масаласини ҳал этиш бўйича топшириқ берди. Президент илгари сурилган режаларни самарали амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.