ҚР Президенти Хитойдаги Қозоғистон маданият марказининг очилиш маросимида иштирок этди
ASTANA. Kazinform – ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Хитойга ташрифи доирасида Пекин шаҳрида Қозоғистоннинг маданият маркази тантанали равишда очилди.

Давлат раҳбари марказнинг ишга топширилишини икки халқнинг маънавий ҳаётидаги жуда муҳим кун сифатида баҳолади.
“Буни, аслида, тарихий воқеа деса бўлади. Бу – қозоқ халқининг хитой халқига бўлган самимий муносабати. Шунингдек, хитой халқининг қозоқларга билдирган дўстлик муносабати. Аввало, ушбу ташаббусга қўллаб-қувват кўрсатгани учун ҳурматли Раис Си Цзиньпин жанобларига катта миннатдорчилик билдираман. Хитой Маданият ва туризм вазири Сун Ели жанобига, шунингдек, бу ишга ҳисса қўшган барча хитой ва қозоқ фуқароларига самимий миннатдорлигимни изҳор этаман. Ушбу тантанали тадбирда менинг хитойлик эски дўстларим, дипломатлар, бир вақтлар менга дарс берган устозим Лю Шицинь жаноблари ва зиёлилар ҳам қатнашмоқда. Барчангизга самимий миннатдорлигимни билдираман. Маданий-гуманитар алоқаларимиз мустаҳкам бўлса, дўстлигимиз ҳам янада ривожланади. Санъат ва маданият – турли халқларни боғлайдиган олтин кўприкдир”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Президент ўтган йилдан бери Астанада Пекин тил ва маданият университетининг филиали ишлаб келаётганини таъкидлади.
Шунингдек, Хитойга амалга оширилган бу ташриф доирасида Қозоғистонда Лу Бань лабораториясининг иккинчи ва учинчи марказлари очилди.
“Умуман олганда, Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар жуда юқори суръатда ривожланмоқда. Биз ҳамкорликнинг иккинчи «Олтин 30 йиллиги»га қадам қўйдик. Юқори даражадаги учрашув ва музокаралар ҳар йили самарали ўтмоқда, икки томонлама савдо ҳажми ўсмоқда. Ўтган йили икки мамлакатнинг товар айланмаси 44 миллиард долларга етди. Бу – тарихимизда ҳеч қачон бўлмаган энг юқори кўрсаткич. Жорий йилда ҳам ўзаро савдо суръати паст бўлмайди, деган прогноз бор. Инвестициявий муносабатлар ҳам самарали ривожланмоқда. Умуман, Хитой Қозоғистоннинг энг йирик савдо-инвестициявий ҳамкори ҳисобланади. Халқаро масалалар бўйича икки давлатнинг позициялари ўхшаш ёки бир хил, деб ишонч билан айтиш мумкин. Бунинг барчаси Қозоғистон ва Хитой абадий стратегик шериклар эканини яққол кўрсатади. Бу жараён халқимизнинг миллий манфаатларига тўла мос келади”, – деди Давлат раҳбари.