ҚР Президенти “Бойқўнғир” космодроми ташкил этилганига 70 йил тўлиши муносабати билан видеомурожаат йўллади
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев “Бойқўнғир” космодроми ташкил этилганига 70 йил тўлиши муносабати билан видеомурожаат йўллади. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Ҳурматли дўстлар! Азиз космос соҳаси ходимлари ва фахрийлари!
Ҳаммани “Бойқўнғир” космодроми ташкил этилганининг 70 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман!
1957 йили айнан шу жойдан сунъий ер йўлдоши учирилиб, инсониятнинг космосни ўзлаштириш даври бошланган эди. Ортидан, 1961 йили тарихда илк бор космонавт Юрий Гагарин айнан шу космодромдан фазога йўл олди. Бу тарихий воқеа бутун дунё жамоатчилигини бирлаштириб, инсониятнинг фан ва тараққиётга бўлган ишончини мустаҳкамлади.
Шундан бери “Бойқўнғир”дан минглаб сунъий йўлдошлар учирилди, ўнлаб миссиялар амалга оширилди. Бу ерда кўзга кўринган олимлар, муҳандислар ва конструкторлар меҳнат қилган. Буюк ютуқлар пойдеворини қўйган барча мутахассисларга чуқур миннатдорлик изҳор этаман!
Дунёдаги энг йирик космодром Қозоғистон ҳудудида жойлашганидан фахрланамиз. Халқимиздан чиққан қаҳрамон ўғлонлар – Тоқтар Аубакиров, Талғат Мусабаев ва Айдин Айимбетов айнан шу ердан фазога учган.
Мамлакатимиз халқаро космик ҳамкорликнинг фаол аъзоси ҳисобланади. Бойқўнғир – Қозоғистон ва Россия ўртасидаги дўстона, қўшничилик ва ўзаро англашувга асосланган узоқ муддатли стратегик шерикликнинг ёрқин рамзидир.
Сўнгги ўн йилликларда Қозоғистон миллий иқтисодиёт ривожига ҳисса қўшадиган қатор йирик космик лойиҳаларни амалга оширди. Мамлакатимиз Бойқўнғирни халқаро ҳамкорлик, фан, таълим ва туризм марказига айлантиришга интилмоқда. Космик фаолиятнинг янги бозорларига чиқиш, ёш муҳандислар, конструкторлар ва олимларнинг салоҳиятини ривожлантириш ёруғ келажакка йўл очади.
Шу муносабат билан Бойқўнғир шаҳри аҳлига алоҳида миннатдорлик билдираман. Сизлар фидокорона меҳнат қилиб, космосни ўзлаштириш соҳасидаги илк авлодлар қолдирган бой меросни эътибор билан асраб келмоқдасизлар. Бу эса катта эҳтиромга лойиқ.
Космос соҳаси бутун инсониятни доимо умумий мақсад атрофида бирлаштириб, янгилик ва илмий-техникавий тараққиётга етаклайди. “Бойқўнғир” келгусида ҳам буюк кашфиётлар ва илғор инновацияларнинг манбаи бўлиб қолишига ишонаман!
Ҳаммaнгизга тинчлик ва муваффақият тилайман!