Қозоғистоннинг Сиандаги бош консули исмининг оммани ҳайратга солаётганини айтди

ASTANА. Кazinform - Қозоғистон Республикасининг Сиань шаҳридаги Бош консули Жўжихон Қираубаев 25 йилдан буён дипломатик соҳада самарали фаолият юритиб келмоқда. Исми хорижлик ҳамкасбларини ҳайратга солаётган етук мутахассис агентлик мухбирига азон чақириб қўйилган ўз исмининг тарихини айтиб берди.

Ж. Қираубаев
Фото: Ж. Қираубаевнинг шахсий архивидан

Суҳбатимизнинг илк лаҳзаларидаёқ Жўжихон Асилбекулининг феъл-атвори, дунёқараши яхши инсон эканини кўрдик. Совет даврида янги туғилган чақалоққа бундай тарихий исм қўйиш дадил қадам эди.

“Менинг отамнинг опаси Алма Қираубаева атоқли қозоқ олими, филология фанлари доктори, профессор эди. Қадимги туркий адабий меросни ўрганган, қозоқ адабиётининг шаклланишини тадқиқ қилган. Совет даврида турли сабабларга кўра ҳал этилмаган туркий давр адабиётини ўзлаштириш йўлида дадил қадамлар ташлади, Рабғузийнинг “Қиссас-ул-анбия” асарини илмий муомалага олиб кирди, қозоқ тилида сўйлатиб, уни ўзимизнинг маънавий хазинамизга айлантирди. “Муҳаббатнома” матнини ҳам қозоқ тилида нашр эттирди. Умуман олганда, Алма Муталипқизининг илмий қизиқишлари қадим замонлар ва XX аср бошларидаги шарқ, диний йўналишдаги қозоқ адабиётининг илдизларини қамраб олади. У Алп Эр Тўнга, Томирис, Зарина, Широқ ботир, Мўдехон, Билге хоқон, Култегин, Тўникўк, кўк бўри ҳақидаги афсоналарни қозоқ олимларидан биринчилардан бўлиб тадқиқ этган. Мен қизғин илмий изланишлар даврида туғилганман. У Қозоқ хонлигининг ҳақиқий бошланиши Жўжихондан бошланади, деб ҳисоблаган ва менинг исмимни ўзи қўйган. Кичкиналигимизда жанубда машҳур шоир, хонанда, полвон бўлган Муталип бобом “Исминг маъноси - худодан келган кичик меҳмон”, дердилар, – деб эслайди Жўжихон Асилбекули.

Дипломатик соҳа мутахассисининг айтишича, Мўғулистоннинг расмий вакиллари билан учрашганида улар Жўжихонн исмига мафтун бўлиб, ўзларига яқин тутган.

“Мўғулистонлик ҳамкасблар билан суҳбатлашганда улар мени “қариндош” сифатида кўриб, Жўжихонга таъзим қилишларини айтишади. Менга келсак: “Жўжихон қозоқ, қозоқ қабилаларининг бошлиғи, улар оқ кигизда хон кўтариб, худога илтижо қилдилар. Ўша пайтдаги исмда “хон” сўзининг бўлиши унинг қозоқ тарихи билан боғлиқлигини кўрсатмайдими?”, деб баҳслашиб қоламиз. Биз тарихни ўрганамиз ва баҳслашамиз. Мен Хитойда 20 йилдан бери ишлайман. Тарихни биладиган хитойлик дипломатлар менинг исмимга эътибор беришади”, - дейди у.

Суҳбат чоғида дипломат сўнгги йилларда Қозоғистонда тарих фанини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлади. Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев топшириғига кўра, тарихни тадқиқ қилиш ишлари қатъий бошланди. Жўжихон номини улуғлаш, қозоқ халқининг шаклланишини чуқур ўрганиш бунинг исботларидан биридир. Ёш авлод буюкларни улуғлаши, ўтмишини унутмаслиги мамлакатимизнинг порлоқ келажаги гаровидир.

Ж.  Қираубаев
Фото: Ж. Қираубаевнинг шахсий архивидан

 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мамлакатда Жўжи исмли 31 киши рўйхатга олингани ҳақида ёзган эдик.

Сўнгги хабарлар