Қозоғистоннинг Хитойга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 35 фоизга ошди

ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров Хитой Халқ Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Хань Чуньлин билан учрашув ўтказди.

Қазақстанның ауыл шаруашылығы өнімінің Қытайға экспорты 35% артты
Фото: ҚР ҚХВ

Вазирлик маълумотларига кўра, учрашув чоғида томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар. Вазир бу йўналишдаги ҳамкорлик барқарор ижобий суръатда ривожланаётганини таъкидлади.

2024 йилда икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари айирбошлаш ҳажми 10 фоизга ўсиб, 1,4 миллиард АҚШ долларига етди.

2025 йилнинг дастлабки беш ойида эса ўсиш 36 фоизни ташкил этди ва ҳажм 736,9 миллион долларга етди. Қозоғистондан Хитойга экспортнинг, шунингдек, Хитойдан импортнинг ортиши қишлоқ хўжалиги савдосининг мувозанатли ва ўзаро фойдали тузилишига далолат беради.

2024 йил якуни бўйича Хитойга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 1,1 миллиард долларни ташкил этиб, 4 фоизга ошган. 2025 йилнинг январь-май ойларида эса экспорт 35 фоизга ўсиб, 513,4 миллион долларга етган. Асосий экспорт позицияларига мол ем-хашаклари (+485%, 1,2 миллион тонна), ўсимлик ёғлари (+26%, 173,3 минг тонна) ва буғдой киради.

“Биз учун асосий масалалардан бири – гўшт (қорамол, қўй гўшти) ва ундан тайёрланган маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича янгиланган протоколларга қўл қўйишдир. 2025 йил май ойида Хитой Бош божхона бошқармаси билан биргаликда Қозоғистондаги лавлага жоми ишлаб чиқарувчи корхоналарни текшириш, шунингдек, Ақтўбе, Қарағанди, Шарқий Қозоғистон ва Абай вилоятларини ўрганиш орқали буғдой ва арпа етказиб бериладиган ҳудудлар географиясини кенгайтириш юзасидан келишувга эришилди. Шу йил август ойида паррандачилик корхоналарини Хитой талабларига мувофиқлигини текширишни таклиф қиламиз”, – деди Айдарбек Сапаров.

Учрашувда инвестициявий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирда Қозоғистонда Хитой капитали иштирокида умумий қиймати тахминан 2,8 миллиард доллар бўлган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги 4 йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу Хитой инвесторлари томонидан катта ишонч мавжудлигини ва стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш учун қўшимча туртки борлигини кўрсатади.

Хитойнинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Хань Чуньлин икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик юқори даражада эканини таъкидлаб, Хитой томони ўзаро савдо ҳажмини оширишга, шунингдек, инвестиция, санитария-ветеринария назорати ва аграр инновациялар йўналишларида ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирётганини маълум қилди.

Учрашув якунида томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.

Сўнгги хабарлар