Қозоғистонлик полициячи каратэ бўйича жаҳон чемпиони бўлди
QYZYLORDA. Kazinform – Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида каратэ бўйича катталар ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Қозоғистон Республикаси Қизилўрда вилояти полиция департаментининг тезкор ҳаракат қилиш махсус бўлинмаси инспектори, полиция катта лейтенанти Кемелбек Қабланбек ғолиб бўлди.

Жаҳон спорт мусобақасида 50 дан ортиқ давлатдан вакиллар иштирок этди. Қизилўрдалик полициячи Арманистон, Россия ва Миср спортчилари билан куч синашди.

“Қозоқ каратэчилари Осиёда пешқадам десак, янглишмаймиз. Халқаро майдонга чиқиш ҳеч кимга осон бўлмади, рақиблар жуда кучли, пухта тайёргарлик билан келишди. Мусобақада Миср давлати ҳарбий хизматчилари ҳам чиқиш қилишди. Шунга қарамай, тўсиқларни енгиб ўтиб, чемпион бўлишга муваффақ бўлдим”, – дейди Кемелбек Қабланбек.
Кемелбек 24 ёшда бўлиб, ушбу спорт тури билан 2009 йилдан буён шуғулланиб келади. У ўсмирлар ўртасида мамлакат чемпиони, Осиё ва жаҳон чемпионатлари совриндори.
“2013 йили Япония пойтахти Токиода бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида иштирок этганман. Бу менинг халқаро майдондаги иккинчи мусобақам”, – дейди Кемелбек Қабланбек.

Кемелбек халқаро тоифадаги спорт устаси. 9 карра мамлакат чемпиони, 2 карра Осиё чемпиони, 4 карра жаҳон чемпиони. Бир неча йил каратэ бўйича миллий терма жамоа аъзоси бўлди. 2022 йилда ички ишлар органларига ишга кирди.