Қозоғистонлик коллекционер туркий халқларнинг 250 йиллик тарихга эга миллий осори-атиқаларини сақламоқда
АQTAU. Кazinform – Манғистау вилояти, Мунайли туманида яшовчи Ақилберди Нақов ўтган асрнинг 90-йилларида туркий тилли мамлакатлардан миллий буюмлар йиғишни бошлаган. Бугунги кунда коллекциясида олти юзга яқин гилам ва икки юздан ортиқ турли уй-рўзғор буюмлари мавжуд.

— Болалигимдан миллий қадриятларга қизиқаман. Оиламизда 14 нафар бола бор эди. Ўғил ёки қиз бўлишидан қатъи назар, уй юмушларини бажарардик. Онам ўтов жиҳозларини тўқиганида ёрдам берардим. Шу боис ҳам урф-одатлар, миллий ҳунармандчиликни дилимга жойлаб ўсганман. Катта бўлгач, махсус саёҳатга чиқдим, мамлакатларни кўрдим, кўп одамлар билан мулоқот қилдим. Қайси халқнинг қадимий осори-атиқаларини кўрсам, сўраб, сотиб оламан. Баъзида оқсоқоллар миннатдорчилик билдиради, бепул беради, – дейди Ақилберди Нақов.

Ақилберди Нақов туркий тилли мамлакатларда ўтказиладиган гилам кўргазмалари, ҳунармандчилик ярмаркаларини ҳеч қачон ўтказиб юбормайди. Мисол учун, Эрондаги кўргазмадан бундан икки аср аввал қўлда ясалган идиш(озиқ-овқат сақлаш учун мўлжалланган ёғочдан ясалган сандиқсимон буюм) сотиб олган. Уйғур гиламларини эса Шинжондан олган.

Туркманистонлик ватандошдан 2000 долларга бир квадрат метр гилам сотиб олди. Бугунги кунда коллекциядан Эрон, Туркманистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Доғистон, Арманистон давлатлари ҳамда уйғурлар, Мўғулистондаги қозоқларнинг гиламлари жой олган.

— Қозоғистон бўйича гилам Қизилўрда вилоятида ишлаб чиқарилган. Назаримда, бу касб 60-йилларда яхши ривожланган. Айтишларича, қишлоқлар гилам тўқишда мусобақалашган. Кейин Чимкентда тўқишни бошладилар, – дейди коллекционер.



Ақилберди Нақов туркий халқларнинг урф-одат ва анъаналаридаги ўхшашликларни ўрганувчи китоб ёзишни режалаштирган. Шунингдек, музей очишга ҳам тайёргарликни бошлаб юборишган.
Муаллиф: Аягўз Избасарова