Қозоғистонда Ислом тараққиёт банки кўмагида 4 та янги сув омбори қурилади
ASTANА. Кazinform – Сув хўжалигини ривожлантириш бўйича ҳамкорлар мувофиқлаштирувчи кенгашининг II йиғилиши доирасида ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов Ислом тараққиёт банкининг Қозоғистондаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Али Хон ва БМТ Тараққиёт дастурининг Қозоғистондаги доимий вакили Катаржина Вавьерниа билан учрашди.

Вазирлик хабарига кўра, томонлар “Иқлимга чидамли сув ресурсларини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича қўшма ишларни муҳокама қилган.
Лойиҳа 4 та янги сув омборини қуриш ва мавжуд 4 та сув омборини реконструкция қилишни, жумладан, Астана сув омборини тўлдириш лойиҳасини, шунингдек, 115 та канални реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашни ўз ичига олади.
Ишлар Ақмола, Алмати, Жамбил, Қизилўрда, Туркистон, Ғарбий Қозоғистон, Жетису вилоятлари ва Астана шаҳрида амалга оширилади. Шунингдек, Қозоғистон сув хўжалиги илмий-тадқиқот институтига мамлакатнинг сув ва дарё ҳавзаларини ўрганиш, сув ресурслари ахборот-таҳлил маркази учун эрта ҳаракат қилиш тизимларини жорий этишни баҳолаш, “Қазсушар” корхонасини техник жиҳозлар билан таъминлаш ҳам режалаштирилган.
Айни пайтда барча зарур ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, бошқа давлат органлари билан келишиб олинмоқда.
– Мувофиқлаштирувчи кенгаш доирасида қисқа вақт ичида катта ишлар амалга оширилди. Ислом тараққиёт банки сармоялари Қозоғистоннинг сув инфратузилмасини яхшилашга ёрдам беради. Шунингдек, мамлакатимизнинг сув хўжалигини ривожлантириш лойиҳаларига янги ҳамкорларни жалб қилиш бўйича БМТ Тараққиёт дастури билан фаол ҳамкорликни давом эттириш ниятидамиз, – деди ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда 2028 йилгача 42 та сув омбори қурилиши ҳақида хабар берган эдик.