Қозоғистонда икки йил ичида 850 миллиард тенгелик активлар қайтарилди
ASTANА. Кazinform — Президентга мамлакатда қонун устуворлигининг ҳолати ва прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича амалга оширилган ишлар натижалари ҳақида маълумот берилди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Берик Асилов:
жамиятда резонанс келтириб чиқарган ва давлат манфаатларига дахлдор бўлган, қийноқлар қўлланилган энг муҳим жиноят ишлари бўйича махсус прокурорлар томонидан тергов ҳаракатларининг бориши ҳақида маълумот берди.
Жорий йилда махсус прокурорлар томонидан 55 та жиноят иши судга юборилиб, улар асосида 112 нафар шахсга нисбатан суд ҳукми чиқарилди. Яна 80 та иш судлар томонидан кўриб чиқилмоқда. Махсус прокурорлар томонидан текширилган ишлар бўйича жами 14,4 миллиард тенгелик зарар қопланди.
Жиноий йўл билан олинган даромадларни қидиришнинг янги усуллари ва улардан мамлакат иқтисодиётида фойдаланиш истиқболлари ҳақида маълумот берилди.
Қўзғатилган жиноий ишлар бўйича умумий қиймати 105 миллиард тенгега тенг мол-мулк хатланган. Улар орасида прокурорлар бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари билан биргаликда биргина гиёҳвандликка қарши кураш бўйича 15 миллиард тенгега яқин активларни мусодара қилди.
У, шунингдек, активларни қайтариш масаласи ҳақида гапирди.
Сўнгги икки йил давомида прокуратура органлари орқали 850 миллиард тенгега тенг маблағ қайтарилди. Бу маблағлар ҳисобидан ҳудудларда 400 га яқин ижтимоий-коммунал объектлар қурилади. Бугунги кунда 60 та бинонинг қурилиши якунланди.
Президентнинг Қозоғистон халқига Мурожаатномасини амалга ошириш ва тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги идора номи ўзгартирилади. Янги формат сармоя киритиш учун қулай шарт-шароит яратиб, тадбиркор ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини беради.
Президент:
барча соҳаларда қонунийликни таъминлаш, жамиятда “Қонун ва интизом” тамойилини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни давом эттириш бўйича топшириқлар берди.
Фирибгарлик, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши, оиладаги зўравонлик, бузғунчиликка қарши курашиш, тадбиркорлик субъектларини асоссиз жиноий жавобгарликка тортишнинг олдини олиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва давлат органлари фаолиятини самарали мувофиқлаштириш муҳимлигини таъкидлади.