Қозоғистонда ҳудудида ГУЛАГ тизимининг 11 лагери жойлашган — Президент

ASTANА. Кazinform – Президент бу ҳақда Сиёсий қатағон ва очарчилик қурбонлари хотирасига бағишланган тадбирда айтиб ўтди.

Тоқаев
Фото: Ақорда

— Ҳар йили 31 май куни Сиёсий қатағон ва очарчилик қурбонларини хотирлаймиз. Биз мураккаб замонда вафот этганлар руҳига ҳурмат бажо келтирамиз.

Ўтган асрда Совет Иттифоқининг кўплаб халқлари жуда кўп қийинчиликларни бошдан кечирдилар. Улар орасида қозоқ халқи ҳам нотинч йилларнинг машаққатларидан азият чекди. Мажбурий коллективлаштириш кампанияси пайтида улар мол-мулкларидан айрилди. Халқимиз очликдан ўлди, кўплари жон сақлаб қолиш учун хорижга қочишга мажбур бўлди.

Сталин қатағонлари даврида халқимизнинг зиёлилари, ўқимишли, дунёқараши кенг фуқаролари оммавий қатағон қилинди. Минглаб одамлар халқ душмани деб эълон қилинди, шафқатсизларча қийноқларга солинди, судсиз отиб ташланди. Халқимиз қисқа вақт ичида Алихан Бўкейханов, Ахмет ​​Байтурсинов, Сакен Сейфуллин, Илияс Жансугуров каби минглаб энг азиз фарзандларидан айрилди, – деди Президент.

Давлат раҳбари сиёсий қатағон фақат қозоқ халқининг бошига тушган офат эмаслигини таъкидлади

— Қозоғистон ҳудудида ГУЛАГ тизимининг 11 лагери жойлашган эди. “АЛЖИР” ҳам шундай аянчли жойлардан бири. Бу ерда бегуноҳ туҳматда айбланган 8 мингга яқин аёл қамоқда ўтирганлар. Улар орасида Турар Рисқулов, Султанбек Қожанов, Темирбек Жургенов, Беимбет Майлин, Санжар Асфендияров каби таниқли шахсларнинг турмуш ўртоқлари бор. АЛЖИРда азоб чекканларнинг авлодлари ҳозир орамизда.

Сиёсий қатағон фақат қозоқ халқининг бошига тушган бало эмас. Масалан, АЛЖИРДА олтмишдан ортиқ этник гуруҳ вакиллари жазосини ўтаган. Шундай экан, ўша фожиали давр қурбони бўлган, жабр кўрган барча инсонлар бу воқеалардан сабоқ олишлари керак. Бундай фожиа ҳеч қачон такрорланмаслиги керак. Ҳозирги тарихий даврда бу фақат ўзимизга боғлиқ. Миллат йилномаларидаги энг қора даврларни жонлантиришдан асосий маъно шундадир, — деди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент сиёсий қатағон ва тоталитаризм қурбонларининг “АЛЖИР” мемориал-музей мажмуасига ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар