Қозоғистонда чақалоқлар ўлими ўтган йилга нисбатан 20,2 фоизга камайди - Ҳукумат

ASTANА. Кazinform — Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг “Адолатли Қозоғистон: қонун ва интизом, иқтисодий ўсиш, жамоатчилик оптимизми” номли Қозоғистон халқига Мурожаатномаси доирасида Ҳукумат, жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий ёрдам сифатини ошириш, инфратузилмани ривожлантириш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, рақамлаштириш ва соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш бўйича ишларни давом эттирмоқда.

чақалоқлар ўлими
Фото: Pexels

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида аҳоли саломатлигини сақлашнинг асосий кўрсаткичларида барқарор ижобий тенденция кузатилмоқда. Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жами ўлим даражаси 2,7 фоизга, чақалоқлар ўлими 20,2 фоизга камайди.

Уч йил давомида 600 дан ортиқ тиббиёт муассасаси қурилди

Мамлакатда тиббиёт инфратузилмаси жадал ривожланмоқда. Касалхоналар, поликлиникалар, фельдшерлик пунктлари қурилиб, модернизация қилинмоқда. Сўнгги уч йилда 633 та соғлиқни сақлаш объекти, жумладан, Астана шаҳридаги Миллий онкология маркази ва Шошилинч тиббий ёрдам маркази, шунингдек, Алмати шаҳридаги юқумли касалликлар маркази фойдаланишга топширилди.

Жорий йилда йил охиригача Шарқий Қозоғистон вилоятининг Риддер шаҳрида кўп тармоқли шифохона, Ўскемен шаҳрида Гематология маркази, Манғистау вилоятининг Ақтау шаҳрида тез тиббий ёрдам станцияси қурилишини якунлаш режалаштирилган.

Бундан ташқари, “Қишлоқда соғлиқни сақлашни модернизация қилиш” миллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унинг доирасида бугунги кунга қадар 601 та бирламчи тиббиёт муассасаси қурилди. Жорий йилда яна 54 та объект қурилишини якунлаш режалаштирилган. Шунингдек, 32 та туман шифохонасини кўп тармоқли марказий туман шифохонаси даражасига кўтариш ишлари давом этмоқда. Жумладан, Миллий лойиҳа ишга туширилгандан бери 8 та касалхона кўп тармоқли шифохоналарга айлантирилди: Қарағанди вилоятининг Темиртау ва Балқаш шаҳарларидаги марказий касалхоналар, Улитау вилоятининг Жанаарқа тумани, Абай вилоятидаги Уржар туман марказий касалхонаси, шунингдек, Жамбил вилоятининг Шу, Мерки ва Талас тумани марказий туман касалхоналари ва Манғистау вилояти Бейнеу шаҳридаги туман марказий касалхонаси — жами 8 та шифохона кўп тармоқли этиб қайта ташкил қилинди.

Январ-октябрь ойларида соғлиқни сақлаш соҳасида асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар ҳажми 214,8 миллиард тенгени ёки режалаштирилган 241 миллиард тенгенинг 89 фоизини ташкил этди.

Сўнгги хабарлар