Қозоғистонда бинолар, қурилиш, муҳандислик коммуникацияларини рақамлаштириш даражаси ошди

ASTANА. Кazinform – Қозоғистон Республикасида Давлат шаҳарсозлик кадастри ягона автоматлаштирилган ахборот тизимини шакллантириш доирасида муҳандислик ва ижтимоий инфратузилма объектларини рақамлаштириш бўйича ишлар жадал давом эттирилмоқда.

рақамлаштириш
Фото: Геология қўмитаси

Саноат ва қурилиш вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда муҳандислик коммуникацияларини, жумладан, бинолар ва иншоотларни, шунингдек, туман марказларигача бўлган аҳоли пунктларини рақамлаштириш даражаси 93 фоизга етди.

– 2025 йилдан бошлаб 5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган аҳоли пунктларида муҳандислик тармоқларини рақамлаштириш ишлари бошланди. Бу ишлар “Қозоғистон Республикасида архитектура, шаҳарсозлик ва қурилиш фаолияти тўғрисида”ги қонунга мувофиқ амалга оширилмоқда. Қонун доирасида давлат шаҳарсозлик кадастри ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида юритилади ва шаҳарсозлик лойиҳалари, бинолар ва иншоотлар, муҳандислик инфратузилмаси элементлари ҳақидаги рақамли маълумотларни бирлаштиради, — дейилади вазирлик хабарида.

Қурилиш ишлари олиб борилган ҳудудлардаги ер ости ва ер усти коммуникацияларини инвентаризация қилиш орқали уларнинг аниқ жойлашуви ва асосий техник тавсифларини белгилаб берувчи рақамли кадастр харитаси тузилади. Мазкур харита аҳоли пунктларини тизимли ривожлантириш, ҳудуднинг қурилишини назорат қилиш, объектларни қуриш ва улардан фойдаланишда уйғун ёндашувни шакллантириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Шаҳарсозлик кадастрининг геопортали орқали архитектура, шаҳарсозлик ва қурилиш соҳасидаги ваколатли органлар муҳандислик инфратузилмаси билан боғлиқ рақамли маълумотлардан фойдаланишлари мумкин. Бу қарорлар қабул қилиш жараёнининг шаффофлиги ва самарадорлигини оширади.

Рақамли шаҳарсозлик маълумотлар базасини шакллантириш бўйича ишлар режадагидек давом этмоқда ва ҳудудий режалаштириш ва шаҳарсозлик тизимини рақамли ўзгартиришнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш қандай кетаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар