Қозоғистонда 580 минг гектардан ортиқ майдонда сувни тежовчи технологиялар қўлланилмоқда

ASTANA. Kazinform – Қозоғистонда сувни тежовчи технологиялар жорий этилган экин майдонлари 580 минг гектардан ошди.

су үнемдеу технологиясы
Фото: Су ресурстары және ирригация министрлігі

Давлат раҳбарининг ҳар йили 150 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш тўғрисидаги топшириғи ижроси доирасида Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги томонидан фермерларнинг замонавий суғориш тизимларига ўтишини рағбатлантириш механизмлари ишлаб чиқилди.

Вазирлик фермерларга сувни тежовчи технологияларни сотиб олиш ва ўрнатиш, шунингдек, инфратузилмани қуришда қудуқларни бурғулаш учун тўланадиган тўлов миқдорини 50 фоиздан 80 фоизга оширди. Бундан ташқари, суғориш суви учун тариф қийматига қараб табақалаштирилган субсидиялар жорий этилди. Сувни тежовчи технологиялардан фойдаланганда субсидия миқдори тарифга қараб 60 фоиздан 85 фоизгача, фойдаланилмаган тақдирда эса 50–75 фоиздан 30–55 фоизгача пасаяди.

Шунингдек, лазерли текислагичларни сотиб олиш учун субсидиялар фақат экин майдони камида 200 гектар бўлган фермер хўжаликларига тўланиши талаби олиб ташланди. Лазерли текислаш сувни 30% гача тежаш имконини беради ва қурғоқчиликка мойил бўлган ҳудудлар учун долзарбдир. Ушбу технология мамлакатдаги шоли майдонларида фаол қўлланилади.

2024 йилда 158 минг гектар майдонда сувни тежовчи технологиялар жорий этилди, шундан 130 минг гектарга яқини жанубий вилоятларга тўғри келади. Сувни тежовчи технологиялардан фойдаланилган ерларнинг умумий майдони 470,2 минг гектарга етди. Жорий йил бошидан буён бу кўрсаткич 580 минг гектардан ошди.

“Давлат раҳбари сувни тежовчи технологияларга ўтиш муҳимлигини бир неча бор таъкидлаган. Иқлим ўзгариши шароитида бу мамлакат сув хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чорадир. Вилоят ҳокимликлари билан биргаликда 2030 йилгача экин майдонларида сувни тежаш тизимини жорий этиш режасини ишлаб чиқдик ва тасдиқладик. Натижада 2030 йил охиригача йилига 2 миллиард 200 миллион куб метр сув тежашни режалаштирмоқдамиз”, — деди Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов.

Сўнгги хабарлар