Қозоғистон жаҳон ОАВларида: янги нефтни қайта ишлаш заводи, минтақавий ҳамкорлик ва дрон портлаши

ASTANА. Кazinform – Ҳафта Қозоғистон учун муҳим янгиликларга бой бўлди. Озарбайжон президентининг Астанага ташрифи икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янги босқичга кўтарди. Ҳукумат энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадида Каспий денгизи соҳилида янги нефтни қайта ишлаш заводи қуриш режаларини эълон қилди.

Қозтон жаҳон ОАВларида
Коллаж: Kazinform; Freepik; Pixabay

Ғарбий Қозоғистонда қайд этилган номаълум дрон портлаши эса хавфсизлик масаласига эътибор қаратди. Euronews Қорғалжин қўриқхонасини тақдим этиб, мамлакатнинг экотуризм салоҳиятига эътибор қаратди. Батафсил Кazinform шарҳида ўқинг.

Аnadolu: Қозоғистон ва Озарбайжон президентлари стратегик шерикликни мустаҳкамламоқда

Озарбайжон президентининг Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида икки давлат раҳбарлари иштирокида Олий давлат кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Учрашув якунлари бўйича 15 та ҳамкорлик ҳужжати имзоланди. Бу ҳақда Туркиянинг Аnadolu агентлиги хабар берди.

Кун тартибидан транспорт, логистика, рақамлаштириш, ёқилғи-энергетика, маданий-гуманитар ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Қасим-Жомарт Тоқаев Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг икки томонлама муносабатларнинг бугунги даражасига қўшган улкан ҳиссасини қайд этди. Шунингдек, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши ва қўшма ишлаб чиқариш лойиҳалари муҳокама қилинди.

Президентлар журналистлар учун брифинг ўтказиб, ташрифни стратегик шерикликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоладилар. Қ.Toқаевнинг сўзларига кўра, қишлоқ хўжалиги, энергетика, ишлаб чиқариш, қурилиш ва рақамлаштириш соҳаларида қўшма лойиҳалар йўлга қўйилади. Масалан, трансформатор ишлаб чиқариш ва уй-жой инфратузилмаси объектлари қурилади.

Ўтган йили Транскаспий орқали юк ташиш 62 фоизга ошиб, 4,5 миллион тоннага етди, транзит нефть ҳажми эса қарийб 1,5 миллион тоннани ташкил этди.

Бундан ташқари, икки президент стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг 20 йиллигига бағишланган қўшма баёнотни имзолади.

Report: Қозоғистон Каспий соҳилида янги нефтни қайта ишлаш заводи қуришни режалаштирмоқда

Қозоғистон Ҳукумати янги нефтни қайта ишлаш заводини қуриш учун тўртта эҳтимолий жойни кўриб чиқмоқда. Улардан бири Каспий денгизи соҳилидаги Манғистау вилоятидир. Бу ҳақда Report агентлиги хабар берди.

Бош вазир Олжас Бектеновнинг сўзларига кўра, йилига 5 миллион тонна нефтни қайта ишлаш заводи қуриш лойиҳаси дастлабки сармоявий ўрганишни талаб қилади. Лойиҳа чуқур қайта ишлаш технологиясига асосланган ва йилига 300 минг тоннага яқин TS-1/Jet A-1 авиакеросини ишлаб чиқаришни назарда тутади. Бу ҳозирги вақтда импорт томонидан таъминланган транзит ҳаво транспортига бўлган талабни камайтиради.

Концепцияга кўра, 2028-2030 йилларда лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий асослари (pre-FEED) ишлаб чиқилади. Лойиҳа-смета ҳужжатлари 2030-2032 йилларда тайёрланади, завод қурилиши 2032-2040 йилларда амалга оширилади.

Ҳозирда Қозоғистонда учта - Атирау, Павлодар ва Чимкент йирик нефтни қайта ишлаш заводлари фаолият кўрсатмоқда. Янги завод ишга туширилса, мамлакатнинг нефтни қайта ишлаш қуввати сезиларли даражада ошади, авиакеросин ва бензин импортига боғлиқлик камаяди.

ТАСС: Қозоғистон ҳаво ҳудудини назорат қилишни кучайтирди

Ғарбий Қозоғистон вилоятининг Бўрли туманида номаълум дрон портлади. Бу ҳақда Россиянинг ТАСС агентлиги хабар берди.

Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, портлаш аҳоли пунктларидан узоқда, аҳоли яшамайдиган ҳудудда содир бўлган. Жабрланганлар ва моддий зарар ҳақида хабар берилмаган.

- Ҳозирда ҳодисанинг сабаблари ва дроннинг келиб чиқиши аниқланмоқда. Ҳаво ҳудудини назорат қилиш кучайтирилди ва дронларнинг давлат чегараси орқали рухсатсиз ўтишига йўл қўймаслик чоралари кўрилди, — дейилади вазирлик хабарида.

Қозоғистон томони ушбу дрон тегишли бўлиши мумкин бўлган давлатлар билан маслаҳатлашувлар олиб бормоқда. Аввалроқ полиция ҳодиса жойида дроннинг қисмлари топилгани ҳақида хабар берган эди. Ҳозир махсус хизматлар воқеа жойида суриштирув ишларини олиб бормоқда ва хавфсизлик чораларини кучайтирди.

Euronews: Қорғалжин — минглаб фламинголар макони

Euronews телеканалидаги Modern Nomads дастури Қозоғистоннинг табиий бойликларини кенг намойиш этишда давом этмоқда. Бу сафар хорижлик суратга олиш гуруҳи пойтахтдан икки соат узоқликда жойлашган Қорғалжин давлат қўриқхонаси гўзаллигини суратга олди.

Қозоғистондаги энг катта қўриқланадиган ҳудуд бўлиб, бу қўриқхона 543 минг гектардан ортиқ ботқоқ ерларни эгаллайди. Бу ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ноёб ҳудуд бўлиб, юзлаб қушлар ва ўсимлик турларининг табиий яшаш жойи ҳисобланади.

Қўриқхонанинг энг жозибали жиҳати шундаки, бу ерда ҳар баҳорда минглаб фламинголар уя қилади. Тенгиз кўли ва унга туташган шўр кўллар экотизими бу ноёб қушлар учун қулай муҳит яратади. Бу ерда улар жўжаларини ўстириб, шўр қисқичбақасимонлар ва сув ўтлари билан озиқланади. Шунинг учун уларнинг патлари аста-секин ёрқин пушти рангга айланади.

Қорғалжин - Европа ва Осиёдан келган экотуристлар учун севимли жой. Фламинголардан ташқари, оққушлар, сув қузғунлари ва йўқолиб бораётган кийик популяциясини кўриш мумкин.

Сўнгги хабарлар