Қозоғистон жаҳон ОАВларида: Нефть танкерларига ҳужум, Ўрта йўлакка ажратилган маблағ, тадбиркор аёллар

АSTANА. Kazinform – Бу ҳафтада Қозоғистоннинг иқтисодий келажагига таъсир кўрсатадиган муҳим воқеалар содир бўлди. Жаҳон ОАВлари ҳар бирини диққат билан кузатиб, ҳукуматнинг расмий баёнотларини мунтазам эълон қилиб борди. Улар орасида Украина томонидан қозоқ нефтини ташувчи икки танкерга ҳужум, мамлакатнинг электр энергиясига оид стратегик режаси ва хорижий молия ташкилотларининг Ўрта йўлакни ривожлантиришга ажратган маблағлари ҳақида кўп гапирилди. Тадбиркорлик билан шуғулланадиган аёллар масаласи ва ичимлик суви билан таъминлаш муаммоси ҳам четда қолмади. Батафсил Kazinform мухбири таҳлилидан ўқинг.

Қозоғистон жаҳон ОАВларида
Коллаж: Kazinform / Freepik

ТАСС: Қора денгиздаги танкерларга дронлар орқали ҳужум қилинди

13 январда Украина Қора денгиздаги Каспий қувури консорциуми (КҚК) яқинида турган икки танкерга ҳужум қилди. Бу танкерлар Қозоғистондан етказиладиган нефтни кутиб турган эди. Қозоғистон томони ҳаво ҳужумидан сўнг расмий баёнот бериб, вазиятга нисбатан ташвиш билдирган. Расмий маълумотларни Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги тарқатди.

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, ҳужумга учраган Matilda ва Delta Harmony танкерлари Мальта ва Либерия байроқлари остида сузган. Уларда Қозоғистон нефти бўлмаган, шу сабабли мамлакатнинг энергетика ресурсларига ҳеч қандай зарар етмаган. Шунингдек, экипаж аъзолари ҳам соғ-саломат.

Кўп ўтмай, Каспий қувур консорциуми терминалидаги воқеага нисбатан ҚазМунайГаз баёнот берди.

«MATILDA кемасини ҚазМунайГазнинг шўъба ташкилоти («Қазақтеңізкөлікфлоты» УТКҚК» МЧЖ) ижарага олган. Каспий қувури консорциуми терминалида турган танкерга Қозоғистон нефтини юклаш ишлари 2026 йил 18 январга режалаштирилган. 13 январда танкерга дронлар ҳужум қилди. Ҳужум натижасида портлаш содир бўлди, лекин ёнғин чиқмади. Экипаж орасида жароҳат олганлар йўқ. Дастлабки баҳолашга кўра, танкер денгизда юришга яроқли, биринчи текширувда кема тузилмасининг жиддий шикастланиш белгилари аниқланмади. Зарар ҳажмини баҳолаш ишлари олиб борилмоқда», – деди ҚМГ.

The Times of Central Asia: Қозоғистон 2027 йилда энергетик танқисликни бартараф этиб, электр энергиясини экспорт қилишни режалаштирмоқда

Ҳозир Қозоғистон бошқа мамлакатлардан электр энергиясини импорт қилишни камайтиришни истамоқда. Энергетика вазирлигининг тахминига кўра, 2027 йилнинг биринчи чораги охирига бориб ички талаб тўлиқ қондирилади ва 2029 йилга бориб электр энергиясини экспорт қилиш мумкин. Ҳукуматнинг муҳим мақсадини The Times of Central Asia ёзди.

Ҳафта давомида Бош вазир Олжас Бектенов электр энергетикаси соҳасини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Тадбир давомида Энергетика вазири ҳозирги ҳолатга оид бир қатор маълумотларни айтди. Масалан, 2025 йилда 124,6 млрд кВт/соат истеъмол даражасида электр энергиясини ишлаб чиқариш 123,1 млрд кВт/соатга етди. Бир йил ичида умумий белгиланган қувват 25,3 ГВтдан 26,7 ГВтгача ўсди. Генерациянинг асосий манбалари – аввалгидек кўмир станциялари (51,4%), аммо газ генерациясининг улуши (25,6%) ва ЯЭМ (13,5%) ўсмоқда.

Сўнгги икки йилда бозорни либераллаштириш натижасида капитал таъмирлашга 902 млрд тенге жалб қилинган экан, натижада технологик қоида бузилиши 27%га камайиб, 9 ИЭМни «қизил» ҳудуддан чиқариш имкони пайдо бўлди. Бу борада компаниялар эгаларига дивиденд тўланмаган, барча маблағлар фақат станция ускуналарини реконструкция қилиш ва янгилашга йўналтирилмоқда.

Ерлан Ақкенженов яқин уч йилда асосан тартибга солиш қуввати танқислигини бартараф этиш ва Ягона энергетик тизимнинг мослашувчанлигини оширишга қаратилган маневрли генерация сегментини ишга тушириш режалаштирилаётганини айтди.

– Ҳозирги иш олиб борилаётган объектларни ишга тушириш 2027 йилнинг биринчи чораги охирига бориб иқтисодиётнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондиришга ва Қозоғистонни энергия танқислигига дуч келган мамлакатлар қаторидан чиқаришга имкон беради. 2029 йилга бориб электр энергиясининг, тартибга солиш қувватининг барқарор профицитига эришилади, бу мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини оширишга шароит яратади, – деди Энергетика вазири Ерлан Ақкенженов.

Report: Қозоғистон Ўрта йўлакни ривожлантириш учун 300 млн доллар жалб қилди

Хорижий молия ташкилотлари Ўрта йўлакни ривожлантириш учун «Қазақстан темір жолына»га («Қозоғистон темир йўли») 300 млн доллар ажратди. Report агентлиги маълумотига кўра, бу ҳақда IFC бошқарувчи директори Махтар Диоп ижтимоий тармоқда ёзган.

Маълум бўлишича, Қозоғистонга бу маблағни Халқаро молия корпорацияси (IFC), Инвестицияларга кафолат бериш бўйича кўп томонлама агентлик (MIGA), Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (АИИБ) ва Standard Chartered (швейцар франки билан муқобилда) ажратган.

М.Диопнинг айтишича, маблағ Алмати шаҳрини айланиб ўтадиган узунлиги 130 километр бўлган электрли темир йўл айланма йўлини қуришга йўналтирилади.

«Шарқий Осиё ва Европани боғлайдиган Ўрта йўлакдаги темир йўл ташуви кучаяди. Лойиҳани амалга ошириш Алмати атрофидаги юкламани 40%га камайтиради ва юк етказиш муддатини 24 соатгача қисқартиради», – деб ёзди у.

Молиялаштириш тузилишига келсак, IFC – 50 млн доллар инвестиция, АИИБ – 150 млн доллар кредит, Standard Chartered ташкилоти MIGA кафолати билан – 100 млн доллар кредит берган.

Эслатиб ўтамиз, 2027 йилга бориб Ўрта йўлакнинг юк ўтказиш қобилияти йилига 10 млн тоннага етиши мумкин, 2030 йилга бориб эса 11,4 млн тоннага етиши керак.

Синьхуа: Қозоғистон халқи тўлиқ тоза ичимлик суви билан таъминланди

Қозоғистондаги аҳоли пунктларининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 100%га етди. Мазкур маълумотни Ҳукумат йиғилишида Саноат ва қурилиш вазири ўринбосари Қуандиқ Қажкенов айтган. Расмий баёнотни Синьхуа ахборот агентлиги тарқатди.

Вазир ўринбосарининг айтишича, Давлат раҳбари 2025 йил охиригача аҳолини тўлиқ ичимлик суви билан таъминлаш бўйича топшириқ берган. Шу мақсадда 2021 йилдан бошлаб 1,6 мингдан ортиқ лойиҳани амалга ошириш учун бюджетдан 835 млрд тенге йўналтирилган. Ҳозир 90 та шаҳар ва 6087 та қишлоқ марказлашган ичимлик суви тизимига уланган. Қишлоқ аҳолисининг 96 фоизи марказлашган ичимлик суви тизимидан фойдаланмоқда, қолган қисми блок-модулли сув тозалаш ускуналари, шахсий қудуқлардан фойдаланмоқда.

Қозоғистонда сув билан таъминлаш ва канализация тизимларини модернизация қилиш ишлари 2025–2029 йилларга мўлжалланган «Энергетика ва коммунал секторларни модернизациялаш» миллий лойиҳаси доирасида давом эттирилади. Бу мақсадга 1,9 трлн тенге инвестиция жалб қилиш режалаштирилган. Лойиҳа муваффақиятли амалга ошса, 2030 йилгача сув билан таъминлаш тармоқларининг эскириши 33%га, канализация тармоқларининг эскириши 41%га камайиши мумкин.

Еuronews: Аёллар бошқарадиган кичик ва ўрта бизнес иқтисодиётни қандай ўзгартирмоқда

Қозоғистондаги кичик ва ўрта бизнеснинг (КЎБ) ярмига яқини аёлларга тегишли, яъни ЯИМнинг 30–40 фоизи аёлларнинг тадбиркорлигига боғлиқ. Ҳозир аёллар бошқарадиган бизнес кўпроқ хизмат кўрсатиш, чакана савдо ва таълим соҳасида жамланган, агробизнес ва креатив индустрияда улуш ошган. Бу жараённи Еuronews канали ҳар томонлама таҳлил қилди, мақоланинг қисқартирилган версиясига диққат қаратайлик.

Бугунги кунда Ҳукумат иккинчи даражали банклар орқали енгиллаштирилган кредит дастурларини кенгайтириб, узоқ муддатли кредитлар таклиф этмоқда. Аёллар бошқарадиган корхоналар давлат грантлари, стартап танловлари, енгиллаштирилган кредитлар ва акселерация дастурларида иштирок этмоқда.

Аёллар бошқарадиган бизнесни ривожлантиришда энг самарали қўллаб-қувватлаш воситаларидан бири – «Даму» тадбиркорликни ривожлантириш жамғармаси. Ташкилот енгиллаштирилган кредит дастури орқали қўллаб-қувватлаш чораларини кўриб келмоқда: 2007 йилдан бери жамғарма 7,6 млрд евро миқдорида маблағ ажратиб, 110 000дан ортиқ лойиҳани қўллаб-қувватлади.

– Бу қўллаб-қувватлаш туфайли тадбиркор аёллар ўз бизнесини кенгайтириб, қўшимча ускуналарга инвестиция киритиш ва фақат ички бозорда эмас, балки хорижда ҳам ривожланиш имконини қўлга киритди, – деди «Атамекен» Миллий тадбиркорлар палатаси қошидаги Тадбиркор аёллар қўмитаси раиси Лейла Куленова.

Қозоғистонлик аёллар рақамли иқтисодиётни фаол ўзлаштирмоқда. Аёллар бошқарадиган стартаплар сони 2023 йилда 179 та бўлса, бу йил 300 тага етди. Марказий Осиёдаги энг йирик халқаро технопарк ва инновацион кластер – Astana Hub аёл тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб, уларга рақамли кўникмаларни ўрганишга, лойиҳаларини ривожлантиришга ёрдам беради. Бу қўллаб-қувватлаш таълим дастурлари ва инвестиция лойиҳалари орқали амалга оширилган.

Қишлоқ ҳудудларида тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслардан бири – «Бир қишлоқ – бир маҳсулот» дастури. Япон ривожланиш фалсафасига асосланган дастур ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос ва қимматли маҳсулотларини аниқлаб, уни маҳаллий ва халқаро бозорда илгари суришга ёрдам беради.

Сўнгги ўн йилликда ҳокимликлар иқтисодий қийинчиликка дуч келган тадбиркор аёлларга 8 000 евродан ортиқ давлат гранти тайинлади.

Сўнгги хабарлар