Қозоғистон жаҳон ОАВларида: $60 млрд инвестиция, «Лукойл» савдоси ва Исроил билан алоқалар
АSTANА. Kazinform – Январ ойининг охирги ҳафтасида глобал медиа Қозоғистонга оид янгиликларни кўп ёритди. Жумладан, иқтисодий алоқалар ва энергетика келишувлари атрофидаги воқеалар кўп учради. Энергетика вазирлигининг Қозоғистондаги «Лукойл» активларини сотиб олишга оид таклифи, мамлакат иқтисодиётига киритиладиган хорижий инвестициялар устуворликка эга бўлса, сунъий интеллект соҳасида Исроил билан алоқалар ва Хитой билан биргаликда қуриладиган электр станциялари ҳақида сўз юритилди. Батафсил Kazinform мухбирининг шарҳидан ўқинг.
The Times of Central Asia: Бу йил 60 млрд доллардан ортиқ инвестиция жалб этилади
Қозоғистон 2026 йилга келиб умумий ҳажми 62,7 млрд долларни ташкил этувчи инвестиция жалб этишни режалаштирмоқда, шундан 25,5 млрд доллари — хорижий капитал. Бу маълумотлар Бош вазир Олжас Бектенов раислигида ўтказилган инвестиция стратегияси бўйича Ҳукумат йиғилишида айтилган. Янгиликни The Times of Central Asia тарқатди.
2025 йилда асосий капиталга киритилган инвестициялар 45 млрд долларга етганини биламиз. Бу йил Ҳукумат умумий қиймати тахминан 32 млрд доллар бўлган 475 инвестиция лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда. Натижада 1100 дан ортиқ доимий иш ўрни яратилиши кутилмоқда. Солиштириш учун айтиш жоизки, ўтган йили 5 млрд долларга 273 лойиҳа ишга туширилган эди.
Ҳозирги вақтда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар қаторида:
- Қарағанди вилоятидаги қиймати 4 млрд долларни ташкил этувчи CHN Corporation кўмир-кимё мажмуаси;
- Fufeng Group компаниясининг 800 млн долларга баҳоланган маккажўхорини чуқур қайта ишлаш заводи;
- Shandong Yuwang Industrial компаниясининг 250 млн долларлик сояни қайта ишлаш корхонаси;
- Roca Group ва UBM Group томонидан қўшимча инвестициялар бор.
Бош вазирнинг айтишича, давлат органларига инвестициялар ҳажмини ошириш, қўшилган қиймати юқори лойиҳаларни амалга ошириш вазифаси юклатилган. Ушбу стратегик мақсадга мувофиқ, Қозоғистоннинг Инвестиция сиёсати 2030 йилгача бўлган концепцияси янгиланди.
Келгусида Ҳукумат инвестиция жалб этиш усулларини қайта кўриб чиқмоқчи. Бунинг учун инвесторларни мақсадли равишда жалб қилиш ва олдиндан тайёрланган лойиҳалар пакетини таклиф қилишга асосланган проактив моделга ўтиш режалаштирилган.
Шунингдек, инвестиция омбудсменининг функциялари Бош прокуратурага берилди. Олдинги инвестициялар қўмитаси эса инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси сифатида қайта ташкил этилган. Бош прокуратуранинг маълум қилишича, ислоҳот инвесторлар иштирокида бўладиган суд низоларини 30 фоизга қисқартириш имконини беради.
Бош вазир инвестиция соҳасидаги ортиқча бюрократия ва маҳаллий даражадаги жараёнларнинг муддатини танқид қилди. Бундай ҳолат инвестицияга тўсқинлик қилиб, тўғридан-тўғри иқтисодий зарарга олиб келган.
Report: Вазирлик АҚШга «Лукойл» компаниясига оид хат йўллади
Энергетика вазирлиги АҚШнинг Молия вазирлиги қошидаги Хорижий активларни назорат қилиш бўйича бошқармасига (OFAC) «Лукойл» компаниясининг Қозоғистондаги лойиҳалари улушини сотиб олишга оид хат йўллади. Бу ҳақда Энергетика вазири Ерлан Ақкенженов хабар берган. Вазирнинг сўзини Report ахборот агентлиги тарқатди.
Ерлан Ақкенженовнинг маълум қилишича, Ҳукумат активларни сотиб олиш бўйича «Лукойл» компаниясига таклиф билдирмаган, фақат АҚШ ҳукуматига хат йўллаган.
– 2025 йил охирида «Лукойл»нинг Қозоғистондаги активлари сотилган тақдирда, қонунга кўра, бу улушни сотиб олишга устувор ҳуқуқимиз борлигини маълум қилган эдик. Энергетика вазирлиги тегишли хатни OFACга йўллади, – деди вазир.
Унинг фикрича, компания улушини сотиб олишда Қозоғистоннинг устувор ҳуқуқи бор. Шу муносабат билан идора раҳбари компания улушини сотиб олишнинг турли вариантларини айтиб ўтди.
– Сотиб олишда албатта нақд тўлов қилиш шарт эмас. Акциялар пакетини сотиб олишнинг турли йўллари бор, жумладан тўловни кечиктириш ёки хомашёни сотишдан тушадиган даромад орқали ҳисоб-китоб қилиш мумкин. Кўплаб вариантлар бор ва уларнинг барчасини кўриб чиқиш имконияти мавжуд, – деди Ерлан Ақкенженов.
ТАСС: Қозоғистон Хитой билан биргаликда тўртта электр станциясини қуради
Мажилис депутатлари Қозоғистон ва Хитой Ҳукуматлари ўртасидаги қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТЭМ) соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисидаги келишувни ратификациялади. Ушбу келишув мамлакат ҳудудида тўртта электр станциясини қуришни кўзда тутади. Янгиликни россиялик ТАСС ахборот агентлиги эълон қилди.
Бу келишувга 2024 йилда Бокуда имзо қўйилган. Лойиҳа доирасида умумий қуввати 1,5 ГВт бўлган учта шамол электр станцияси ва қуввати 300 МВт бўлган бир қуёш электр станциясини қуриш режалаштирилган. Улар Павлодар, Қарағанди ва Туркистон вилоятларида барпо этилади.
Қозоғистон томонидан тенг инвестор сифатида «Самруқ-Энерго» акциядорлик жамияти қатнашиши маълум бўлди. Келишув амалга ошса, 100 дан ортиқ доимий ва тахминан 1,5 минг вақтинчалик иш ўрни яратилиши мумкин. Шунингдек, 2 млрд доллардан ортиқ инвестиция жалб этилиши тахмин қилинмоқда. Қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми йилига 5,7 миллиард кВт/соатдан ошади.
Мажилис қонунни қабул қилганидан сўнг келишувни ратификациялаш тўғрисидаги ҳужжат Сенатнинг кўриб чиқишига юборилади.
Anadolu: Қозоғистон ва Исроил сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди
Давлат раҳбари Қозоғистонга расмий ташриф билан келган Исроил ташқи ишлар вазирини қабул қилди. Учрашувнинг асосий мавзуси савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорликка бағишланган ва келгусидаги лойиҳаларни амалга ошириш масаласи эътибордан четда қолмади. Муҳим учрашув ҳақида Anadolu ахборот агентлиги ёзди.
Қасим-Жомарт Тоқаевнинг айтишича, Гидеон Саарнинг ташрифи Исроилнинг Қозоғистон билан кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлигини кўрсатади. Хусусан, икки томоннинг сунъий интеллект, қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги қўшма лойиҳалари янада жадаллашади.
Давлат раҳбари Гидеон Саарнинг Астанага ташрифи доирасида Қозоғистон-Исроил бизнес-форумининг ўтказилишини қўллаб-қувватлаб, унинг натижаси икки давлат ўртасидаги инвестициявий шерикликни кенгайтиришга аниқ ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
«Гидеон Саар Қозоғистоннинг Иброҳим келишувларига қўшилишини Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг оқилона қарори сифатида баҳолади. Бу барқарорликни, тинчликни ва халқаро мулоқотни янада мустаҳкамлашга ёрдам беради, деб таъкидлади», – деб ёзди Ақорда.
Исроил ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Қозоғистонда амалга оширилаётган кенг кўламли сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга юқори баҳо бериб, ушбу ташаббусларни муваффақиятли амалга оширишга тилакдошлик билдирди.