Қозоғистон жаҳон ОАВларида: 5,2 млрд доллар сармоя, телекоммуникация соҳасидаги ҳамкорлик ва Гарри Поттер поезди

ASTANА. Кazinform – Сентябр ойи охирида жаҳон оммавий ахборот воситаларида Қозоғистон ҳақидаги хабарлар кўп ёритилди. Бири мамлакат АҚШ билан йирик сармоявий лойиҳаларни имзолагани ҳақида хабар берган бўлса, иккинчиси Қозоғистоннинг яшил молиялаштириш ва энергия тежаш соҳасидаги янги ташаббуслари ҳақида ахборот берди. Бундан ташқари, Ўзбекистон билан телекоммуникация соҳасидаги ҳамкорлик, маданий-кўнгилочар поездлар қатновини йўлга қўйиш ҳам диққат марказида бўлди. Батафсил Kazinform агентлиги шарҳида ўқиш мумкин.

Қозоғистон жаҳон ОАВларида
Коллаж: Kazinform; Pexels; DALL-E

ТАСС: Қозоғистон ва АҚШ 5,2 млрд долларлик сармоявий лойиҳаларни имзолади

Қозоғистон ва АҚШ компаниялари мамлакат иқтисодиётига 5,2 млрд доллар сармоя жалб этишни мақсад қилган 11 ҳужжат имзолади. Бу келишувлар Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Нью-Йоркка амалий ташрифи чоғида имзоланган. Бу ҳақда Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги хабар берди.

Мақолада таъкидланишича, Қозоғистон ва АҚШ ўртасидаги ҳужжатлар стратегик муҳим тармоқлар – транспорт, логистика, энергетика ва ахборот технологияларини қамраб олади. Битим тарафлари қаторида Қозоғистон компаниялари ҳам бор. Хусусан, улар «Қазақтелеком», «Қазақстан темір жолы», «Самруқ-Қазна», «ҚазМунайГаз» компаниялари. АҚШ томонидан Amazon Kuiper, International Finance Corporation, Lummus Technology, Exxon Mobil, Chevron, LanzaJet, Wabtec ва АҚШнинг Экспорт-импорт банки киради.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев 21 сентябрь куни амалий ташриф билан АҚШда бўлди.Ташриф доирасида АҚШ Савдо вазири Говард Лютник билан учрашди ва Американинг йирик компаниялари вакиллари билан давра суҳбати ўтказди. Учрашувда Тоқаев иштирокчиларни Қозоғистонга сармоя киритишга чақирди ва давлат томонидан қўллаб-қувватланишига ишонтирди. Бундан ташқари, Wabtec компанияси билан умумий қиймати 4,2 млрд АҚШ долларини ташкил қилувчи 300 та локомотив етказиб бериш бўйича шартнома имзолангани малум қилинди.

Euronews: Қозоғистон - яшил молия, энергия тежаш ва Европага янги энергия коридори

Қозоғистон қайта тикланадиган энергия манбалари ва яшил молиялаштиришни кўпайтириш орқали чиқиндиларни камайтириш ва ўзини Марказий Осиёда тоза энергия учун транзит хаби сифатида кўрсатишни мақсад қилган. Бу ҳақда Euronews хабар берди.

Мамлакат тезда яшил иқтисодиётга ўтишга ҳаракат қилмоқда, аммо иқлимни молиялаштириш ҳажми ҳали ҳам чекланган. Қозоғистон электр энергиясининг 70 фоизи ҳали ҳам кўмирдан ишлаб чиқарилади, гарчи мамлакат беш йил ичида чиқиндиларни 15 фоизга камайтиришни режалаштираётган бўлса ҳам. Қайта тикланадиган энергия лойиҳалари солиқ имтиёзлари ва ишлаб чиқарувчилар билан 20 йиллик шартномалар орқали 8 млрд еврога баҳоланмоқда. Энергияни тежаш бўйича лойиҳалар ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган. Шу муносабат билан Астана халқаро молия маркази Марказий Осиё бўйлаб 3,3 млрд евролик яшил облигациялар бозорини ривожлантиришда иштирок этмоқда.

Қозоғистон Европа учун юқори вольтли электр тармоғи – “Яшил йўлак” лойиҳасига ҳам етакчилик қилмоқда. Минтақавий ҳамкорлар ва Европа Иттифоқи молиялаштириш томонидан қўллаб-қувватланган лойиҳа шамол ва қуёш энергиясини минтақага етказиб беришга қаратилган. Бу орқали Қозоғистон Марказий Осиёдаги энергияга ўтиш жараёнидаги муҳим ролини кучайтиришни режалаштирмоқда.

ЎзА: Ўзбекистон ва Қозоғистон телекоммуникатсия соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Тошкентда бўлиб ўтаётган «ICT Week Uzbekistan – 2025» ҳафталиги доирасида “Ўзбекистон телекоммуникатсия тармоқларини бошқариш республика маркази” давлат унитар корхонаси ва Қозоғистоннинг «ATS Mediafon KZ» МЧЖ компанияси ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Музокаралар чоғида телекоммуникация тармоқларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ва банк секторида фирибгарликка қарши замонавий ечимларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши шароитида биргаликда ишлаш муҳимлигини қайд этдилар. Шунингдек, самарали келишув телекоммуникация хизматларининг киберхавфсизлиги ва ишончлилигини ошириш, фойдаланувчиларни фирибгарлик ва ноқонуний операциялардан ҳимоя қилишга замин яратиши ҳам қайд этилди.

Учрашув якунлари бўйича икки томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди, унда ўзаро тажриба алмашиш, қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва банк соҳасида фирибгарликка қарши курашиш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш назарда тутилган. Мазкур ҳужжат икки давлат ўртасидаги рақамли технологиялар, банк тизимлари ва киберхавфсизлик соҳаларидаги шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Охu: Қозоғистонда Гарри Поттер поезди ишга туширилди

“Йўловчилар транспорти” АЖ электропоезд йўловчилари учун янги маданий-кўнгилочар лойиҳа – “Поттер поезди”ни ишга туширди. Бу ҳақда Озарбайжоннинг Охu интернет нашри хабар берди.

Поездда болалар ва уларнинг ота-оналари театрлаштирилган дастурда иштирок этишлари мумкин. Саёҳат давомида иштирокчилар машҳур “Гарри Поттер” қаҳрамонлари образида ижро этувчи актёрлар иштирокидаги шоуни томоша қиладилар ва интерактив элементлар орқали сеҳрли саёҳат муҳитига шўнғишади. Ҳар бир ёш иштирокчига эсдалик совғаси - сеҳрли таёқча тақдим этилади. Кўргазма тўртта янги вагондан иборат электропоездда ташкил этилган.

Поезд “Астана-1 – Тастақ – Астана-1” йўналиши бўйлаб (Астанадан 60 км узоқликда) ҳаракатланади, дастурнинг давомийлиги — икки соат. Биринчи рей 5 октябрдан бошланади.Чиптанинг аниқ нархи кейинроқ маълум қилинади.

Сўнгги хабарлар