Қозоғистон жаҳон EXPO 2025 Osaka кўргазмасида биринчи ўринни эгаллади
ASTANA. Kazinform – Жаҳон EXPO 2025 Osaka кўргазмаси ўз ишини якунлади. Кеча, 12 октябрда иштирокчи давлатлар учун асосий воқеа ҳисобланган EXPO Awards мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда Қозоғистон павильони Theme Development (“Кўргазма мавзусини очиш”) асосий номинациясида “С” тоифасидаги кичик павильонлар орасида биринчи ўринни эгаллади. Ушбу тоифага 90 дан ортиқ мамлакатлар кирди. Қозоғистон экспозицияси кўргазманинг асосий мавзусини мазмунли ва ўзига хос тарзда очиши учун юқори баҳо олди.
“Кўргазма очилганидан бери Қозоғистон павильони япониялик ва хорижий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотди. Павильон мамлакат маданияти, анъаналари ва тарихи, сармоявий, иқтисодий ва инновацион ривожланиш, шунингдек, рақамлаштириш, технология ва барқарор ривожланиш соҳаларига оид маълумотли ва жозибали экспозициялари билан ажралиб турди. Шу муносабат билан халқаро ва Япония оммавий ахборот воситаларида павильон ҳақида бир қанча мақолалар чоп этилди”, - дейилади Савдо ва интеграция вазирлиги хабарида.
Кўргазма давомида Қозоғистон павильони ҳамкорлик ва тажриба алмашиш, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги очиқ ва ишончли ҳамкор мақомини мустаҳкамлаш учун муҳим майдонга айланди. Павильон доирасида тўққизта бизнес ва маданий тадбирлар ташкил этилди. Энг йирик тадбирлардан бири - 2025 йил 10 августда буюк мутафаккир Абай Қўнонбойулининг 180 йиллигига бағишланган Қозоғистон Миллий кунидир. Ўша куни EXPO National Day Hall залида Қозоғистон Республикаси байроғи кўтарилиб, кенг кўламли байрамона концерт дастури ташкил этилди. Тадбирга 3000 га яқин томошабин ташриф буюрди.
Қозоғистон павильони “Ҳаётни бирлаштириш” кластерида жойлашган бўлиб, 1,5 миллионга яқин одамни қабул қилди. Улар орасида расмий делегациялар, халқаро ташкилотлар, дипломатик миссиялар, бизнес, оммавий ахборот воситалари ва ижодий ҳамжамият вакиллари бор эди. Халқаро кўргазмалар бюроси (BIE) Бош котиби Димитрий Керкентзес павильонга расмий ташриф билан келди ва унинг ташкилий даражаси, мазмуни ва экспозиция ечимларини юқори баҳолади.
Бутунжаҳон EXPO 2025 Osaka кўргазмаси 2025 йил 13 апрелдан 13 октябрга қадар бўлиб ўтди. Тадбирда 160 та давлат ва 9 та халқаро ташкилот иштирок этди ва ташриф буюрувчиларнинг умумий сони 28 миллион кишидан ошди. Олти ой давомида Юмешима ороли “Ҳаётимиз учун келажак жамиятини яратиш” мавзусидаги глобал мулоқотнинг асосий платформасига айланди.