Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг умумий позицияси минтақавий интеграцияга ижобий таъсир кўрсатади – мутахассис

ASTANA. Kazinform - Расмий Астана ва Тошкентнинг умумий позицияси Марказий Осиёдаги интеграцияга ижобий таъсир кўрсатади. Бу фикрни ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи арафасида Kazinform мухбирига берган интервьюсида билдирди.

Фарҳод Толипов
Фото: Алихан Асқар/Kazinform

"Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳозирги муносабатлар стратегик аҳамиятга эга. Бир неча йил олдин бу алоқалар иттифоқ даражасига кўтарилган. Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Хивага норасмий ташрифи чоғида президентлар қўшма баёнот беришди. Унда давлат раҳбарлари стратегик ва иттифоқчилик муносабатлари билан бир қаторда, Қозоғистон-Ўзбекистон ҳамкорлиги ва сиёсий алоқалари энди икки томонлама тандем форматида ривожланишини эълон қилдилар. Бу ўзаро ишончнинг юқори даражасидан далолат беради", - деди Фарҳод Толипов.

Мутахассис Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик минтақадаги интеграция жараёнларига таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.

"1990 йиллардан бери таҳлилчилар минтақанинг энг муҳим давлатлари - Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги яқинлашув минтақавий интеграция мезони эканлигини таъкидлаб келишмоқда. Бу икки давлат томонидан қабул қилинган декларацияда ҳам кўрсатилган. Астана ва Тошкентнинг келажакка оид расмий позицияси Марказий Осиёдаги интеграцияга бевосита таъсир қилади", - деди Ф. Толипов.

Мутахассис таъкидлаганидек, Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган яна бир муҳим қадам бўлади.

"Менинг фикримча, ташриф давомида стратегик шериклик ва иттифоқчилик алоқаларини мустаҳкамлайдиган муҳим ҳужжатлар қабул қилинади. Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи Марказий Осиё давлат раҳбарларининг VII Маслаҳат учрашуви олдидан бўлиб ўтади. Шунга кўра, президентлар ушбу тадбир кун тартиби бўйича маслаҳатлашишлари мумкин", - деб хулоса қилди Ф. Толипов.

Аввалроқ, Қасим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тошкентга давлат ташрифи билан боргани ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар