Қозоғистон ва Туркия ўртасида ҳеч қандай ҳал қилинмаган масала йўқ – Тоқаев

ASTANА. Кazinform – Қозоғистон-Туркия икки томонлама муносабатлари кенгайтирилган стратегик шериклик руҳида жадал ривожланмоқда. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Мустақиллик саройида бўлиб ўтаётган Қозоғистон ва Туркия ўртасидаги Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг 6-йиғилишида таъкидлади.

Тоқаев
Фото: Ақорда

— Сизни туркий халқларнинг она юрти — Буюк Дашда кутиб олиш катта шараф. Туркия биз учун қардош мамлакат, муҳим ва ишончли шерик. Мамлакатларимиз умумий тарих ва маънавий қадриятларга эга. Бугунги кунда чуқур илдиз отган алоқаларимиз халқларимизнинг мустаҳкам дўстлигини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшади. Ҳозирда Қозоғистон-Туркия икки томонлама муносабатлари кенгайтирилган стратегик шериклик руҳида жадал ривожланмоқда. Мамлакатларимиз ўртасида ҳеч қандай ҳал қилинмаган масала йўқ, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғанга.

Президентнинг сўзларига кўра, давлатлараро ва ҳукуматлараро муносабатлар мустаҳкамланмоқда. Парламентлараро ҳамкорлик ҳам юқори даражада. Туркия делегацияси таркибида бир гуруҳ депутатлар ва партия аъзоларининг мавжудлиги бунинг яққол исботидир.

— Шу билан бирга, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик мустаҳкамланди. Туркия бизнинг энг йирик инвесторларимиздан бири. Ҳозирга қадар мамлакатингиздан иқтисодиётимизга 6 миллиард доллар сармоя киритилди. Қозоғистоннинг Туркияга инвестициялари ҳам ошди ва 2,5 миллиард долларга етди. Туркия бизнинг асосий савдо шерикларимиздан бири ҳамдир. Икки халқ ўртасидаги маданий ва гуманитар алоқалар — муносабатларимизнинг олтин риштаси. Биз ушбу ижобий тенденцияни сақлаб қолиш ва ўзаро алоқаларимиз кўламини кенгайтиришдан манфаатдормиз, — деди Давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Қасим-Жомарт Тоқаев Туркия Президентини Мустақиллик саройида кутиб олди.