Қозоғистон ва Руанда президентлари қатор соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришни муҳокама қилди

ASTANA. Kazinform – ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Ақордада Руанда Президенти Поль Кагаме билан музокара ўтказди.

Қазақстан мен Руанда Президенттері
Фото: Ақорда

Учрашувда Қасим-Жомарт Тоқаев Поль Кагамега ўз миннатдорчилигини билдириб, ушбу ташрифни тарихий аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Шунингдек, у Қозоғистон ва Руанда ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилишини таъкидлади.

“Ташрифингиз ва бўлажак музокаралар икки томонлама ҳамкорликка янги суръат бағишлаш нуқтаи назаридан жуда муҳим, деб ҳисоблайман. Руанда иқтисодиёти жадал ривожланмоқда. Ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашни давом эттириш зарур, деб ўйлайман. Зеро, Қозоғистон ялпи ички маҳсулот ҳажми, IТ-технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича минтақада етакчи давлат ҳисобланади. Булар ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам ташрифингизга алоҳида аҳамият бераман”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Руанда Президенти Давлат раҳбарига меҳмондўстлиги учун миннатдорлик билдириб, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ниятини билдирди.

“Мени юртингизга таклиф қилганингиз учун миннатдорчилик билдираман. Аввалроқ Қозоғистонга 2015 йилда ташриф буюрганман, шунинг учун бу менинг иккинчи ташрифим. Биз сиз ва жамоангиз билан ҳар икки давлат манфаати йўлида ҳамкорликдаги фаолиятимизни давом эттириш имкониятларини кўриб чиқамиз”, – деди Поль Кагаме.

Томонлар Қозоғистон ва Руанда ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги ва рақамлаштириш соҳаларида муносабатларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Президентлар минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Руанда Президенти Поль Кагамени Ақордада кутиб олгани ҳақида аввал хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар