Қозоғистон ва Қирғизистон чегарасида чигирткаларга қарши биргаликда текширув бошланди

ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қирғизистон билан чегарадош ҳудудларда чигиртка ўчоқларини аниқлаш бўйича қўшма текширувларни бошлади, деб хабар беради ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

шегіртке
Фото: ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати

Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қирғизистонлик мутахассислар билан биргаликда чегара ҳудудларини кўздан кечириб, чигирткалар тарқалишини назорат қилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон билан чегарада ҳам шундай чоралар кўрилган эди. Бу ҳақда ҚР Бош вазири ўринбосари, Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жуманғарин раислигида чигирткаларга қарши кураш бўйича Республика штабининг йиғилишида Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Ермек Кенжеханули маълум қилди.

Вице-вазирнинг сўзларига кўра, ҳозирда Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларда марокаш ва бошқа чигиртка гуруҳлари аниқланмаган.

“Бугун биз Қирғизистон томони билан чегаранинг Қозоғистон участкаларида қўшма текширувларни бошладик. Чигирткалар билан зарарланишнинг асосий ўчоқлари Қирғизистоннинг жанубий вилоятларида тўпланган. Аммо ҳозирда Қозоғистонга ҳашаротлар тарқалиб кетиш хавфи йўқ”, – деди Ермек Кенжеханули.

Бундан ташқари, Россия Федерацияси билан чегарада текширувлар давом этмоқда. Абай ва Шимолий Қозоғистон вилоятларидаги чегара ҳудудлари кўздан кечирилди — чигирткалар билан зарарланиш ҳолатлари аниқланмади. Яқин кунларда, июнь ойининг биринчи ва иккинчи ўн кунлигида Ақтўбе, Атирау, Ғарбий Қозоғистон, Қостанай, Шарқий Қозоғистон ва Павлодар вилоятларида ҳам шундай тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Хитойнинг чегарадош ҳудудларига келсак, ҳозирча чигиртка билан зарарланишнинг расман тасдиқланган ҳолатлари қайд этилмаган.

2 июнь ҳолатига кўра, 6,1 миллион гектар ҳудуд текширилди, бу режалаштирилган ҳажмнинг 35,6 фоизини ташкил этади. 1 миллион гектардан ортиқ ҳудуд кимёвий ишловдан ўтказилиб, шундан 971,5 минг гектар майдонга ишлов берилди, бу режалаштирилган 2,1 миллион гектар майдоннинг 46,3 фоизини ташкил этади.

Айни пайтда 15 та ҳудудда қайта ишлаш ишлари олиб борилмоқда. Шимолий Қозоғистон вилоятида зараркунандаларнинг биринчи ўчоқлари пайдо бўлганда чора-тадбирлар бошланади. Жами 443 дона пуркаш техникаси сафарбар этилган бўлиб, ҳудудлар зарур ресурслар билан таъминланган. Штаб йиғилиши якунлари бўйича ҚР Бош вазири ўринбосари Серик Жуманғарин асосий ҳимоя чоралари амалда якунланган ҳудудлардан чигиртка тарқалиш эҳтимоли юқори бўлган Ақтўбе ва Қостанай вилоятларига зудлик билан техникаларни ўтказиш бўйича топшириқ берди.

Сўнгги хабарлар