Қозоғистон ва Хитой кончилик ва металлургия соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда
ASTANA. Kazinform — ҚР Бош вазири Олжас Бектенов Хитойнинг Zijin Mining Group компанияси директорлар кенгаши раиси Чэнь Цзиньхэ билан сармоявий ҳамкорлик масалалари юзасидан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.

“Давлат раҳбарининг “Сунъий интеллект давридаги Қозоғистон: долзарб масалалар ва уларни фундаментал рақамли трансформациялар орқали ҳал этиш” мавзусидаги Қозоғистон халқига Мурожаатномасида белгиланган иқтисодиётни диверсификация қилиш бўйича вазифалар доирасида тоғ-кон металлургия комплексидаги лойиҳаларни амалга оширишга эътибор қаратилди”, — дейилади хабарда.
Қозоғистон - олтин қазиб олиш бўйича 6-ўринда, захиралари бўйича эса 13-ўринда. Бугунги кунда Қозоғистон ялпи ички маҳсулотида кон-металлургия соҳасининг улуши 8 фоизни ташкил этади, металлургия ишлаб чиқариш ҳажми эса йилига 14 триллион тенгедан ошади. Саноатда 224 мингга яқин киши ишлайди. Ўтган йили соҳага 3 миллиард долларлик сармоя жалб этилди.

Учрашувда Ақмола вилоятида металлургия саноатида йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Шунингдек, геология-қидирув ишлари ва янги конлар салоҳиятини очиш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари қайд этилди.
Бош вазир Олжас Бектенов Қозоғистон Ҳукумати юқори қўшимча қийматга эга бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур ёрдам кўрсатишини таъкидлади. Ҳамкорлик фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳажмини ошириш, доимий иш ўринларини яратиш ва илғор, экологик барқарор ишлаб чиқариш технологияларини жорий этишга ҳисса қўшиши керак.
Ўз навбатида, Zijin Mining Group директорлар кенгаши раиси Чен Цзиньхэ мамлакатимизда сармоя киритиш учун қулай муҳит яратиш бўйича амалга оширилаётган ишларни ижобий баҳолади ва Қозоғистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Zijin Mining Group - металлургия соҳасидаги дунёдаги энг йирик компаниялардан бири бўлиб, 15 та мамлакатда 30 та лойиҳани амалга оширади. Forbes Global 2000 рўйхатида кон конгломерати 778-ўринни ва Fortune China 500 рўйхатида 77-ўринни эгаллайди. Компания акциялари Гонконг ва Шанхай фонд биржаларида жойлашган.