Қозоғистон ва Хитой чегарасида илк бор ҳайдовчисиз юк машиналари қатнайди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон ва Хитой «Ақлли божхона» номли инновацион пилот лойиҳасини амалга оширишни бошлади. Бу ҳақда ҚР Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат даромадлари қўмитаси маълум қилди.

Лойиҳа доирасида «Бақти» (ҚР) – «Покиту» (Хитой Халқ Республикаси) чегара пости орқали ҳайдовчисиз юк ташиш тизими йўлга қўйилади.
Ушбу ташаббус Қозоғистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат даромадлари қўмитаси раиси Жандос Дуйсембиев ва Тачэн шаҳри партия қўмитаси котиби Жи Сяньвэй ўртасидаги ишчи учрашувда келишиб олинган.

Лойиҳанинг асосий хусусиятлари:
ҳайдовчисиз транспорт воситалари (AGV) орқали чегарадан автоматик ўтиш;
икки давлат томонидан тан олинадиган ягона электрон декларацияни жорий этиш;
инсон омилини камайтирган ҳолда, юк ҳаракатини суткалаб таъминлаш;
юк ташиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш ва расмийлаштириш;
автоматлаштирилган навигация ва назорат тизимларини жорий этиш.
Кутилаётган натижалар:
юк оқимини йилига 10 миллион тоннагача ошириш;
божхона расмийлашуви вақтини сезиларли қисқартириш;
транспорт харажатларини камайтириш;
логистика операцияларининг очиқлиги ва хавфсизлигини ошириш;
автомобиль инфратузилмаси юкини камайтириш ва логистик хабларни ривожлантириш;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, дон, ёғли маҳсулотлар, гўшт ва қайта ишланган товарлар экспортини рағбатлантириш.

Лойиҳанинг иқтисодий аҳамияти:
“Ушбу ташаббус чегара ҳудудидаги инфратузилмани янгилаш, янги иш ўринлари яратиш ва инвестиция жалб этишга туртки беради. Лойиҳанинг амалга оширилиши Хитой билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаб, Қозоғистоннинг Марказий Осиёдаги асосий транзит маркази сифатидаги мавқеини кучайтиради”, — дейилади расмий маълумотда.
Сафар доирасида лойиҳани ҳамкорликда амалга ошириш, ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳамда божхона ва логистика жараёнларини рақамлаштириш соҳасида тажриба алмашишга қаратилган икки томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди.