Қозоғистон ва Германия 54,4 миллиард долларлик сармоявий лойиҳаларни амалга оширмоқда
ASTANA. Kazinform – Астана шаҳрида Қозоғистон-Германия Ишбилармонлар кенгашининг (ҚГИК) 16-йиғилиши бўлиб ўтди, унда икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг асосий йўналишларини муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчиларини Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр кутиб олди. У немис бизнесининг Қозоғистоннинг стратегик ҳамкори сифатидаги аҳамиятини таъкидлади.
“Қозоғистон Ҳукумати сармоявий ва ишбилармонлик муҳитини доимий равишда яхшилаш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқда. 2024 йилда Moody’s халқаро агентлиги Қозоғистоннинг кредит рейтингини Ваа1 даражасига кўтарди, бу мустақиллик тарихидаги энг юқори рейтинг ҳисобланади. Бундай эътироф эса инвестиция муҳитини яхшилаш ва маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш бўйича олиб борилаётган тизимли ишлар натижасидир”, – деди Роман Скляр.

Шунингдек, Қозоғистон томонидан ҚГИК ҳамраиси ўринбосари, “Байтерек” Миллий бошқарув холдинги” АЖ бошқаруви раиси Рустем Қарағойшин ва немис томондан ҚГИК ҳамраиси, Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси бошқарувчи директори Михаэль Хармс нутҳ сўзлади.
“Германия дунёнинг етакчи иқтисодиётларидан бири сифатида Қозоғистоннинг Европа Иттифоқи давлатлари орасида энг йирик савдо шериги мавқеини эгаллаб турибди. Шу билан бирга, Қозоғистон Германиянинг 50 та асосий ташқи савдо ҳамкорлари қаторига киради ва 2024 йил якунлари бўйича 43-ўринни эгаллайди. Бугунги кунда икки томонлама лойиҳалар портфелига умумий қиймати 54,4 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 63 та ташаббус киритилган. Улардан 1,1 миллиард долларлик 32 та лойиҳа амалга оширилиб, 12 таси фаол амалга ошириш босқичида”, – деди Рустем Қарағойшин.
Ўз навбатида, Михаэль Хармс аниқ иқтисодий ташаббуслар муҳимлигини таъкидлади.
“Бизда қайта ишлаш саноати соҳасида олтита янги аниқ немис-қозоқ лойиҳаси бор, улар бугун тақдим этилди. Менимча, бу жуда далда берувчи факт: агар биз бундай лойиҳаларни амалга ошираётган бўлсак, албатта, ҚГИК ўзини аъло даражада исботлаган”, – деди у.
Иштирокчилар иқтисодий шерикликни чуқурлаштириш истиқболларини, жумладан, янги икки томонлама лойиҳаларни молиялаштириш ва амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Учрашувда саноат кооперацияси, технологик шериклик ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни ривожлантиришга қаратилган ҳужжатлар имзоланди. Улар орасида “Байтерек” МБХ” АЖ ва KfW Development Bank ўртасида, «Kazakhstan Petrochemical Industries Inc.» МЧЖ ва IMI zimmermann & jansen technologies gmbh ўртасида ўзаро англашув меморандумлари, шунингдек, Қозоғистон тараққиёт банки АЖ ва KFW Development Bank, РСE «Жезқазғанредмет» РДК ва Германиянинг DAR Metall AG компанияси ўртасидаги ҳамкорлик шартномалари бор.