Қозоғистон ва Эрон ўртасидаги ҳамкорлик катта истиқболга эга — Тоқаев
ASTANА. Кazinform — Қозоғистон ва Эрон ўртасидаги ҳамкорлик катта истиқболга эга. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Ақордада Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён билан кенгайтирилган музокаралар чоғида таъкидлади.
— Икки мамлакат дипломатик муносабатлар ўрнатганига 33 йилдан ошди. Бу даврда биз яқин давлатлараро ҳамкорликка эришдик. Биз конструктив сиёсий мулоқот ўрнатдик. Ҳукуматлараро иқтисодий комиссия фаол иш олиб бормоқда. Парламентлараро алоқалар ўрнатилди. Кенг шартномавий-ҳуқуқий база шакллантирилди. 50 дан ортиқ битимлар имзоланди. Ҳамкорлигимиз халқаро ташкилотлар доирасида давом этмоқда. Бу, шубҳасиз, бизнинг анъанавий дўстлигимиз ва шериклигимизнинг яққол исботидир, — деди Давлат раҳбари.

Президент Эрон катта халқаро обрўга эга давлат эканлигини таъкидлади.
— Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва илмий-техник салоҳияти ортиб бормоқда. Сизнинг меҳнатингиз ва оқилона сиёсатингиз туфайли мамлакатларингиз сезиларли ютуқларга эришди. Эроннинг бундан кейин ҳам гуллаб-яшнашини тилаймиз. Сиздан мамлакатингиз олий раҳбари, жаноби олийлари Оятуллоҳ Али Хоменеига саломларимни етказишингизни сўрайман. Теҳрондаги учрашувимизни илиқ ҳис-туйғулар билан эслайман, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбари Қозоғистон ва Эрон ўртасидаги ҳамкорлик каттва истиқболга эга эканлигини таъкидлади.
— Савдо-иқтисодий соҳадаги интеграция алоҳида аҳамиятга эга. Ўзаро савдо айланмаси йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бироқ, савдони диверсификация қилиш масаласини кўриб чиқиш зарур. Биз ҳозиргина бу масала бўйича фикр алмашдик. Хусусан, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, тоғ-кон саноати, ишлаб чиқариш, тиббиёт ва илғор технологиялар соҳаларидаги муносабатларни фаоллаштириш зарур. Ишонаманки, бугун имзоланадиган ҳужжатлар сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга янги туртки беради, — деди Президент.
Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатга расмий ташриф билан келган Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиённи Ақордада кутиб олгани ҳақида хабар берган эдик.