Қозоғистон-Туркия Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг 5-йиғилиши бўлиб ўтди

ASTANА. Kazinform — Қасим-Жомарт Тоқаев ва Режеп Таййип Эрдоған Қозоғистон-Туркия Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг 5-йиғилишини ўтказди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

йиғилиш
Фото: Ақорда

Йиғилишда Давлат раҳбари Туркия азалдан қардош, илдизи бир ва биродар давлат бўлиб келганини таъкидлаб, муштарак тарихий ва маънавий қадриятларга асосланган Қозоғистон-Туркия ҳамкорлиги кенгайтирилган стратегик шериклик руҳида изчил ривожланиб бораётганига эътибор қаратди.

– Биз бу эзгу йўлни давом эттиришдан, муносабатларимизни бугунги кундагидан ҳам юқори босқичга олиб чиқишдан манфаатдормиз. Ҳурматли Президент, Сиз билан бўлиб ўтган кичик таркибда ўтказилган музокараларни юксак қадрлайман. Ҳамкорлигимизни кенгайтириш ниятимизни яна бир бор тасдиқладик. Бунинг учун ресурсларимиз ва иштиёқимиз етарли. Икки давлат ўртасида кенг шартномавий-ҳуқуқий база яратилган. Хусусан, олтмишдан ортиқ икки томонлама шартнома ва битимлар мавжуд. Бугун бир қатор икки томонлама шартномалар имзоланади, — деди Давлат раҳбари.

Кенгашда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш масаласи муҳокама қилинди. Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 5 миллиард долларни ташкил этди. Бу кўрсаткични икки баробар ошириш учун барча имкониятлар мавжуд. Қасим-Жомарт Тоқаевнинг сўзларига кўра, мамлакат Туркия бозорига камида 34 турдаги маҳсулотни етказиб беришга тайёр. Унинг ҳажми тахминан 1 миллиард долларни ташкил қилади. Туркиядан олиб келинаётган товарлар турларини кўпайтириш ҳам муҳим.

Томонлар товар айирбошлаш ҳажмини оширишда транспорт-логистика соҳасининг алоҳида аҳамиятини қайд этдилар. Шу билан бирга, Қозоғистон Президенти Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, замонавий темир йўллар, қуруқликдаги портлар ва юк терминалларини қуриш, кемасозлик соҳасига Туркия сармоясини жалб қилишдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Сўнгги хабарлар