Қозоғистон 2,3 миллиард тенгега Туркий инвестиция жамғармасининг акцияларини сотиб олди

ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Туркий инвестиция жамғармаси акцияларини сотиб олишга 2,3 миллиард тенге сарфлади. Бу ҳақда Миллий иқтисодиёт вазирлигининг бюджет баёнотида айтилади.

Туркий инвестиция жамғармаси
Фото: Kazinform

Ҳужжатга кўра, вазирликнинг уч йиллик бюджети 995,4 миллиард тенге этиб белгиланган. Шу жумладан, 2024 йил учун 272,5 миллиард тенге, 2025 йил учун 272,5 миллиард тенге, 2026 йил учун 263,7 миллиард тенге кўзда тутилган.

Жорий йил учун ажратилган 459,2 миллиард тенге қандай фойдаланилганига эътибор қаратадиган бўлсак, унда форумлар ўтказиш ва халқаро жамғармалар акцияларини сотиб олиш харажатлари ҳам бор.

Масалан, Туркий инвестиция жамғармаси акцияларини сотиб олишга 2,3 миллиард тенге сарфланган. 10 та мавзу бўйича таҳлилий тадқиқотлар ўтказиш учун 1,4 миллиард тенге йўналтирилган. “Астана” халқаро форумини ўтказиш учун ҳам шунча маблағ сарфланди.

Standard&Poor's, Fitch ва Moody's халқаро рейтинг агентликлари билан ишлаш учун 1 миллиард тенге ажратилди.

Бу йилги харажатларнинг энг катта қисми «Ауыл-Ел бесігі» лойиҳасига йўналтирилган – 76,9 миллиард тенге. Айтиш керакки, бу маблағлар қишлоқларнинг инфратузилмасини тартибга солиш учун сарфланган.

Вилоят марказларида муҳандислик коммуникацияларини таъминлаш учун 35,2 миллиард тенге сарфланган. “Диплом билан қишлоққа” дастурига 30 миллиард тенге, Астана, Алмати, Чимкент ва Ақмола вилояти агломерацияларини ривожлантиришга 23,9 миллиард тенге, моношаҳарлар ва кичик шаҳарлар инфратузилмасини яхшилашга 22,8 миллиард тенге ажратилди.

Сўнгги хабарлар