Қозоғистон теннисни ривожлантириш бўйича дунёнинг етакчи 10 та давлатига кирди
ASTANA. Kazinform – Халқаро теннис федерациясининг (ITF) йиллик умумий йиғилишида 200 та миллий делегация вакиллари Қозоғистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ролини мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлаб овоз бердилар.

Қозоғистон теннис федерацияси маълумотларига кўра, қарор мутлақ кўпчилик (91 фоиз) томонидан қабул қилинган.
Энг юқори овоз сони 12 бўлса, Қозоғистонга берилган овоз сони еттидан тўққизгача оширилди. Ҳозирги кунда Халқаро теннис федерациясида 5 мамлакатнинг 12 овози, Қозоғистон билан бирга 15 мамлакатнинг 9, яна 10 мамлакатнинг 7 овози бор. Ҳозир мамлакатимиз ITFда таъсир кучи бўйича Италия, Чехия, Канада, Испания, Швеция, Швейцария, Хитой, Япония ва бошқа давлатлар билан бир қаторда. ITF аъзоси бўлган давлатларнинг овозлари қарор қабул қилишда жаҳон теннисининг ривожланишига таъсир қилади.
Шу тариқа Қозоғистон расман тенниснинг умумий ривожланиш даражаси бўйича дунёнинг кучли 10 та давлати қаторига кирди.
“Бутун дунё миллий федерацияларининг халқаро йиғилишида мамлакатимизда теннис ривожи, ёшлар ва катталар терма жамоаларимиз эришаётган ютуқлар, шунингдек, оммавий спорт ва теннис инфратузилмаси савиясини мустақил баҳолаш асосида Қозоғистон овозини оширишга қарор қилинди. Энди Қозоғистон ҳақли равишда дунёнинг энг кучли теннис давлатлари қаторидан жой олди”, – деди Қозоғистон теннис федерацияси президенти Болат Утемуратов.
Қарор қабул қилишда қуйидаги омиллар инобатга олинди: теннисчилар сони, ногиронлар аравачаси теннисининг ривожланиши, кортлар сони, терма жамоаларнинг натижалари, жумладан, Олимпиада, Девис кубоги ва Билли Жан Кинг кубоги мусобақаларида ўйинчиларнинг жамоавий баҳслардаги кўрсаткичлари.
Айни пайтда Қозоғистонда 17,5 мингдан ортиқ бола мунтазам теннис ўйнаб, турнирларда қатнашиб келяпти. Қозоғистонда ҳар йили 250 дан ортиқ, жумладан, 40 дан ортиқ халқаро мусобақалар ўтказилади.