Қозоғистон Мetа билан биргаликда АI мутахассисларини тайёрлайди
ASTANА. Кazinform — Қозоғистон Меta компанияси билан биргаликда сунъий интеллект бўйича мутахассисларни тайёрлаш дастурини ишга туширмоқда. Бу ҳақда ҚР Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиев Астана халқаро форуми чоғида айтиб ўтди.

Форум давомида Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги, Meta ва Blockchain & AI Technology Centre ўртасида Meta LLaMA Accelerator Kazakhstan дастурини ишлаб чиқиш бўйича келишув имзоланди.
Ушбу ташаббус Қозоғистоннинг сунъий интеллект соҳасидаги технологик салоҳиятини намойиш этиш ва LLM модели базасида open-source ечимларни ишлаб чиқиш учун мўлжалланган. Шундай қилиб, KazLLM тизими асосидаги акселерация дастурлари орқали давлат сектори ва бизнеснинг ишини осонлаштириш, стартапларни ривожлантириш, халқаро менторлик кўламини кенгайтириш кўзда тутилган.
- Бу муҳим воқеадир. Биз Меtа акселерация дастурини ишга тушириш арафасидамиз. Дастур сунъий интеллект асосида глобал миқёсга чиқиши мумкин бўлган маҳсулотлар ва лойиҳаларни яратадиган мутахассисларни тайёрлаш имкониятини беради. У керакли ҳисоблаш қувватини ва суперкомпьютерларга киришни таъминлайди. Умид қиламизки, агар биз Меtа билан биргаликда ушбу лойиҳани амалга оширсак, кузда бўлиб ўтадиган Digital Bridge форумида биринчи ғолиблар пайдо бўлади, — деди Жаслан Мадиев.
Эслатиб ўтамиз, Астанада Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев иштирокида Астана халқаро форуми бўлиб ўтмоқда.