Қозоғистон МДҲда биринчи бўлиб мобил маълумотларни туризм статистикасига киритди

ASTANА. Кazinform — Қозоғистон МДҲда биринчи бўлиб мобил маълумотларни туризм бўйича расмий статистикага киритди, дея хабар беради Миллий статистика бюроси.

Қозоғистон
Фото: Мухтор Холдорбеков / Kazinform

Ушбу инновацион қадам Жаҳон банки кўмагида Миллий статистика бюроси томонидан амалга оширилмоқда. Лойиҳа Давлат раҳбарининг маълумотларни бошқаришга инновацион ёндашувларни жорий этиш бўйича топшириғига ҳамоҳангдир.

Мобил жойлашув маълумотларидан фойдаланиш сайёҳлар оқимини кузатишнинг янги даражасини очди. Бундай ёндашув фуқароларнинг реал ҳаракатини қайд этиш имконини беради: ҳаттоки, аввал расмий статистикага киритилмаган бир кунлик ва меҳмонхонада жойлашмаган қисқа муддатли саёҳатлар ҳам энди ҳисобга олинади. Бу сайёҳлик маълумотларини янада аниқ ва кенг қамровли қилади, мамлакат ичидаги ҳаракатнинг ҳақиқий тасвирини яратади.

 Қозоғистон МДҲда биринчи бўлиб мобил маълумотларни туризм статистикасига киритди
Фото: Мухтор Холдорбеков / Kazinform

Лойиҳанинг дастлабки натижалари мобил операторлардан бирининг 2023 йил июлидан 2024 йил июлигача бўлган маълумотларига асосланиб, бир қатор муҳим хулосалар чиқариш имконини берди. Масалан, маҳаллий туристик саёҳатларнинг 60% дан ортиғини бир кунлик саёҳатлар ташкил этиши аниқланди. Сайёҳлик фаоллигининг энг юқори даражаси ёз мавсуми ва байрамларда – айниқса Наврўз, Янги йил ва Ғалаба байрамларида кузатилади. Уйдан узоқда тунаб қолишлар сони бўйича рекорд 2024 йилнинг 21 мартида, баҳорги дам олиш вақтида ўрнатилди. Масофа фарқига қарамай, Астана аҳолиси Аымола вилояти ва Алмати шаҳрига тез-тез саёҳат қилишган. Туристик фаолиятнинг мавсумларга қараб уч бараваргача ўзгариши туризмни тўғри режалаштириш учун янги имкониятлар яратади.

Астана шаҳрида Жаҳон банки вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тармоқ семинари ва ишчи учрашувида шу ва бошқа масалалар кенг муҳокама қилинди. Халқаро экспертлар Қозоғистоннинг статистика соҳасини рақамлаштириш ва янги маълумотлар манбаларини жорий этиш борасидаги ютуқларини ижобий баҳолади.

Қозоғистон мобил маълумотларни таҳлил қилиш алгоритмларини ишлаб чиқиш бўйича Эстониянинг Positium компанияси билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Жаҳон банки ҳам ушбу халқаро ҳамкорликни фаол қўллаб-қувватламоқда. Лойиҳада банк мутахассиси ва иқтисодчи Метин Небилер маслаҳатчи сифатида иштирок этмоқда.

— Қозоғистон МДҲ ва минтақа учун рақамли статистиканинг янги намунасини кўрсатмоқда. Ушбу лойиҳа шунчаки технология эмас, балки сайёҳлик оқимини ҳисоблашга ёндашувимизни тубдан ўзгартирадиган катта ютуқдир, — дейди у.

Ҳозирда телекоммуникация операторлари билан шартномалар тузиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу ташаббус нафақат туризм соҳасида, балки миграция кўрсаткичлари бўйича ҳам мобил жойлашувни аниқлашга асосланган статистик маълумотларни мунтазам чоп этиш учун замин яратади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистондаги энг машҳур ширинликлар статистикаси ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар