Қозоғистон Иордания билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият беради – ҚР Президенти
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Иордания билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият беради. Бу ҳақда бугун Ақордада ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонга расмий ташриф билан келган Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн билан кенгайтирилган учрашувда айтиб ўтди.

“Бугун Қозоғистон ва Иордания ўртасидаги муносабатлар сўнгги 30 йилдаги энг самарали даврни бошдан кечирмоқда. Қозоғистон мамлакатингиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият беради. Бу ҳам вақт синовидан ўтди. Ҳақиқатан ҳам, сиз замонавий дунёда жуда ишончли ҳамкорсиз. Икки томонлама муносабатларимизни ривожлантириш борасидаги меҳнатингизни юксак қадрлаймиз. Шу билан бирга, минтақангизда ҳам, жаҳон миқёсида ҳам тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашдаги етакчилик фазилатларингиз, узоқни кўра билиш ва муҳим ролингизни қайд этмоқчиман”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари Иордания Абдулла бин Абдулла II ибн ал-Ҳусайн раҳнамолигида Яқин Шарқда тинчлик ва осойишталик нуқтасига айланганини таъкидлади. Шунингдек, у Қозоғистон Президенти сифатида Иорданияга илк расмий ташрифини эслади.
“Бу ташриф ҳақиқатан ҳам жуда самарали бўлди ва икки томонлама ҳамкорлигимизга янги суръат бағишлади. Ишонаманки, бугунги ташрифингиз Қозоғистон ва Иордания ўртасидаги муносабатларни янада юксалтириб, янги босқичга кўтаради. Музокараларимизнинг айрим жиҳатларига ҳам тўхталиб ўтмоқчиман. Бугун биз корхоналар ва давлатлар ўртасида 15 дан ортиқ шартнома имзолаймиз. Бу ҳужжатлар ҳамкорлигимизнинг турли соҳаларини қамраб олади. Бугунги Қозоғистон-Иордания бизнес-форуми ҳамкорлигимизга янги суръат бағишлашига ишонамиз”, – деди Президент.
Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон ва Иорданияни нафақат иқтисодиёт ва сиёсат соҳасидаги қарашлар муштараклиги, балки чуқур маданий алоқалар ҳам бирлаштириб туришига эътибор қаратди.
“Музокараларимиз натижасида транспорт, энергетика, логистика, қишлоқ хўжалиги, IТ ва рақамлаштириш, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика каби муайян устувор йўналишлар бўйича аниқ келишувларга эришилишига ишонаман”, – деди Давлат раҳбари.
Аввалроқ Қасим-Жомарт Тоқаев Иордания Подшоҳини Ақордада кутиб олгани ҳақида хабар берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, кеча Астана аэропортида Иордания Подшоҳини Президент Қасим-Жомарт Тоқаев кутиб олди.