Қасим-Жомарт Тоқаев ва Режеп Таййип Эрдоған ОАВ вакиллари учун брифинг ўтказди

ASTANА. Кazinform – Давлат раҳбари, аввало, Туркияга расмий ташриф билан келишга таклиф қилиб, Қозоғистон делегациясига меҳмондўстлик кўрсатгани учун қардош турк халқи ва Президент Режеп Таййип Эрдоғанга самимий миннатдорчилик билдирди.

Тоқаев ва Эрдоған
Фото: Ақорда

– Икки халқ манфаати йўлида илдизи бир турк элига ҳар бир ташриф алоҳида аҳамиятга эга. Президент Режеп Таййип Эрдоған бошчилигида Туркия ўзининг олтин даврини тарихий ютуқлар билан нишонламоқда. Мамлакатингиз янги даврга дадил қадам ташлади. Муҳтарам Президентнинг халқаро майдондаги оқилона сиёсати туфайли Туркия дунёда нуфузли ва қудратли, чинакам ҳурматга сазовор давлатга айланди. Бунинг замирида турк халқининг бирлиги, донолиги ва матонати ётади. Шубҳасиз айтиш мумкинки, бундай чўққиларни забт этиш Президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг машаққатли меҳнати самарасидир. Қозоғистон фуқаролари Президент Режеп Таййиб Эрдоғанни ва бутун турк халқини самимий ҳурмат қилади. Қозоғистон Туркиянинг муваффақиятларидан доимо хурсанд. Сизларга порлоқ келажак тилайман, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президент икки давлат ўртасидаги муносабатлар бугунги кунда кенгайтирилган стратегик шериклик даражасига кўтарилганини таъкидлаб, бугунги самарали музокаралар икки халқ ўртасидаги алоқаларни янги босқичга кўтаришига ишонч билдирди.

– Бугун биз Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг 5-йиғилишини ўтказдик. Ўзаро интеграцияга янги туртки берадиган устувор йўналишларни кўриб чиқдик. Турли соҳалардаги алоқаларни жонлантирадиган муҳим ҳукуматлараро ҳужжатларни имзоладик. Туркия савдо, иқтисодиёт ва сармоя соҳасидаги асосий стратегик ҳамкорларимиздан биридир. Шу муносабат билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш масаласига эътибор қаратдик. Ўтган йили икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 5 миллиард долларни ташкил этди. Келгусида товар айирбошлаш ҳажмини сезиларли даражада оширамиз. Бунинг учун салоҳиятимиз етади, – деди Давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида Қўшма декларация қабул қилингани ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар