Қорақалпоғистонда йўловчи поезди юк машинаси билан тўқнашиб кетди

Поездда 216 нафар йўловчи бўлган, улардан ҳеч бири жабрланмаган. Юк машинаси ҳайдовчиси шифохонага етказилган.

Қорақалпоғистонда йўловчи поезди юк машинаси билан тўқнашиб кетди
Фото: видеодан кадр

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ матбуот хизмати хабарига кўра, ҳодиса 6 октябрь куни соат 15:31 да Тўрткўл ва Элликқалъа станциялари ўртасидаги 531-километрда, қўриқланмаган темир йўл кесишмасида содир бўлган.

Қўнғирот-Андижон йўналишида ҳаракатланаётган 128-сонли йўловчи поезди “КамАЗ” русумли юк машинаси билан тўқнашиб кетган. Автомашина ҳайдовчиси огоҳлантириш белгиларига эътибор бермай, темир йўлга чиқиб кетган.

Ҳайдовчи шифохонага етказилган. Йўловчи поездида 216 киши бўлган, уларнинг соғлигига зарар тушмаган. Тепловоз ҳаракатни давом эттира олмаганлиги сабабли, бошқа тепловоз ҳалокат жойига жўнатилиб, соат 16:15 да етиб келган.

Воқеа жойига тегишли раҳбарлар ва ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари ходимлари етиб борган. Ҳозирда суриштирув ишлари давом этяпти.

Сўнгги хабарлар