Конституцияда мулкнинг барча турини тенг ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш таклиф этилди

АSTANА. Kazinform — Янги Конституция лойиҳасида мулк шаклларининг конституциявий таърифини кенгайтириш ва уларнинг тенг ҳимоя қилинишини мустаҳкамлаш таклиф этилди. Бу ҳақда Конституциявий ислоҳотлар бўйича комиссия йиғилишида Мажилис депутати Азат Перуашев маълум қилди.

Перуашев
Фото: видеодан кадр

— «Ақ жол» («Оқ йўл») партияси миллий бизнес ва тадбиркорларнинг сиёсий вакили сифатида янги Конституция лойиҳасини муҳокама қилиш доирасида яна бир институционал хусусиятга эга масалага эътибор қаратмоқчи. Инвестициявий жозибадорлик ва қулай бизнес муҳити учун ҳар қандай иқтисодиётда мулк институтининг мақоми муҳим роль ўйнаши маълум. Шунингдек, бугунги кунда бутун дунёда содир бўлаётган жараёнлар мулк муносабатларини тартибга солишни, янгилашни талаб қилаётганини кўрсатмоқда. Амалдаги Конституцияда мулкнинг фақат икки тури кўзда тутилган — давлат ва хусусий мулк. Замонавий иқтисодчилар эса камида 5-6 турдаги мулк турини ажратиб кўрсатадилар, — деди А. Перуашев.

Унинг айтишича, Финляндия, Литва, Латвия, Озарбайжон ва бошқа мамлакатларда давлат ва хусусий мулк билан бир қаторда, конституцияларида муниципал мулк тури кўрсатилган. Хитой, Бразилия, Ҳиндистон конституцияларида уларга кооператив мулк қўшилган. Бир қатор мамлакатларда иқтисодиётни диверсификация қилишни рағбатлантириш мақсадида мулк турларининг рўйхати умуман чекланмаган.

— Шу муносабат билан «Ақ жол» партияси номидан янги Конституция лойиҳасининг 8-моддасининг 1-қисмини қуйидагича таҳрирлашни таклиф қиламан: «Қозоғистон Республикасида мулкнинг барча турлари тан олинади, уларга кафолат берилади ва тенг ҳимоя қилинади». Бу норма иқтисодиётнинг ривожланишига, бизнес, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланишига ижобий таъсир кўрсатиб, барча мулк турини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишни англатади, деб ишонамиз, — деди депутат.

Эслатиб ўтамиз, Конституция лойиҳасидан Қурултойнинг қўмиталари ва комиссияларини тузишга оид модда олиб ташланади.