Қоғистонда 2025 йилгача 113 та спорт иншооти қурилиб, 26 таси таъмирланади

«Мен Маданият ва спорт вазири сифатида биринчи ҳисобот йиғилишини ўтказдим. Иш сафари Қозоғистоннинг маънавий пойтахти – Туркистон шаҳридан бошланди.
Ҳисобот йиғилишида 400 нафардан ортиқ вилоят аҳолиси иштирок этди. Улар орасида маданият, спорт ва туризм соҳаси ходимлари, журналистлар, олий ўқув юртлари ўқитувчилари, нодавлат ва нотижорат ташкилотлари, ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакиллари, жамият тараққиётига бефарқ қарамайдиган фуқаролар бор. Учрашув 2 соатдан ортиқ давом этди. Кўп вақт аҳолининг саволларига жавоб беришга бағишланди», — деди вазир.
Унинг сўзларига кўра, кун тартибида ономастика комиссияси иш концепсиясини янгилаш, Туркистон вилоятининг кичик аҳоли маконларида спорт клублари ва маданият марказлари қуриш, «Туран» болалар футбол академиясини қўллаб-қувватлаш, спорт академияси ўқитувчиларининг иш ҳақини ошириш, спорт ва маданият муассасалари фаолиятини баҳолаш ва молиялаштиришда рейтинг тизимини жорий этиш, ёш спортчилар учун ётоқхоналар қуриш, Туркистон туризм университетида ўтган йили тўхтатилган грантлар муддатини узайтириш каби масалалар кўтарилган.
Ҳисобот йиғилишидан сўнг вазир ва фуқароларнинг якка қабули бўлиб ўтди.
Шунингдек, вазирлик томонидан амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида айтилди.
«Биз спорт инфратузилмасини фаол ривожлантирмоқдамиз, 2025 йилгача 113 та спорт иншооти қурилади, 26 та спорт иншооти таъмирланади. Шунингдек, Туркистонда 15 та маданий объектни таъмирлаш ва 3 та маданият объектини қуриш режалаштирилган. Ўсиш ва тараққиётга бефарқ бўлмаган маънавий пойтахтимиз – Туркистон аҳолисига очиқлиги, конструктив таклифлари учун миннатдорчилик билдираман», — деди Асхат Оралов.
Фото: www.facebook.com/Асхат Оралов