Қишлоқ хўжалиги билан шуғулланаман дейдиганларни кўпайтириш керак

ASTANА. Кazinform - Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш билан фаол шуғулланиш, фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарур. Бу ҳақда Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида маълум қилди.

Ғалла
Фото: Pixabay

«Ўтган йилги Мурожаатимда бу борада аниқ топшириқ бергандим. Уч йил ичида агросаноат соҳасида қайта ишланган маҳсулотлар улушини 70 фоизга етказиш вазифаси қўйилди. Бу йўналишда жиддий ишлар қилинмаяпти”, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президентнинг фикрича, фақат хомашё ишлаб чиқаришга таяниб бўлмайди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш билан фаол шуғулланиш зарур.

“Ҳукумат бу масалага алоҳида эътибор қаратиши керак. Қишлоқ хўжалиги билан шуғулланаман дейдиганларни имкон қадар кўпайтириш керак. Экин навларини кўпайтириб, ҳосилдорликни ошираётган фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозим. Шунингдек, ягона ер солиғини қўллаш масаласини қайта кўриб чиқиш зарур. Чунки, амалда бир қанча муаммолар мавжуд. Асосий талаб нафақат солиқларни тўлашни соддалаштириш. Энг муҳими, деҳқонлар ердан унумли фойдаланишга, имкон қадар кўпроқ ҳосил олишга интилиши керак”, - деди Давлат раҳбари.

Шу билан бирга, “бир дарча” тамойили бўйича давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш, яъни соҳа молия институтлари фаолиятини бир жойда жамлаш зарур.

Аграр кредит корпорациясининг салоҳиятини ошириш ва унга ҳокимликларнинг қишлоқ хўжалигини субсидиялаш ваколатини бериш зарур. Бунинг учун агросаноат комплекси субъектларига соддалаштирилган кредитлар ва субсидиялар бериш хизматларини ягона рақамли платформага бирлаштириш даркор.

“Умуман олганда, агросаноат комплексида кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш керак. Хусусан, янги технологияларни жорий этиш, ер ва бошқа ресурслардан оқилона фойдаланиш, имтиёз ва субсидиялар самарадорлигини ошириш зарур. Буларнинг барчаси пировардида қишлоқ хўжалигида меҳнат унумдорлигини оширади, яъни реал самара беради”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Сўнгги хабарлар