Қирғизистонда тамаки маҳсулотларига акциз солиғини ошириш таклиф этилмоқда

BISHKEK. Kazinform – Қирғизистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Эркин Чечейбаев мамлакат аҳолисининг жамоат саломатлигини яхшилаш мақсадида тамакига қўйиладиган акциз солиғини оширишни таклиф этди.

с
Фото: pixabay

Вазирлик маълумотларига кўра, тамаки истеъмоли Қирғизистонда ўлим ва ногиронликка олиб келувчи асосий сабаблардан бири ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) баҳолашларига кўра, мамлакатда ҳар йили тамаки истеъмоли билан боғлиқ касалликлар туфайли 30 ёшдан катта бўлган 6 мингдан ортиқ инсон вафот этади (уларнинг тахминан 5 минг нафари эркаклар, 1 мингга яқини аёллар). Умумий ўлим ҳолатларининг ярмига яқини юрак-қон томир касалликларига тўғри келади.

Фақатгина тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ юрак-қон томир хасталиклари иқтисодий зарари 17 миллиард сомдан ортиқни ташкил этади.

Маълум қилинишича, Қирғизистонда 35–69 ёшли эркакларнинг 30 фоизи тамаки туфайли вафот этади. Бу ёш гуруҳида кутилган умр давомийлиги 21 йилга қисқаради.

ЖССТ тадқиқотлари шундан далолат берадики, солиқларни ошириш тамаки маҳсулотлари нархининг кўтарилишига, натижада катталар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасида унинг истеъмоли камайишига олиб келади. Ривожланаётган мамлакатларда сигареталар нархи реал равишда 10 фоизга ошса, болалар ва ўсмирлар ўртасида чекувчилар сони 8 фоизга камаяди.

2015 йили Қирғизистон иқтисодиётига юқмас (инфекцион бўлмаган) касалликлар туфайли етказилган иқтисодий зарар 17,1 миллиард сомни (яъни мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 3,9 фоизини) ташкил этган. Умрдан аввал вафот этиш натижасидаги иқтисодий йўқотишлар 10,4 миллиард сомни ташкил қилган. Тамаки истеъмолини камайтиришга қаратилган чора-тадбирларнинг баҳоси 0,14 миллиард сом деб баҳоланган. Юрак-қон томир хасталиклари ва диабет даражасини пасайтириш учун 175 миллиард сом сарфланган.

Соғлиқни сақлаш вазири Эркин Чечейбаев тамакига етиштирувчанликни чеклашдан қўрқмасликка, акциз солиғини сезиларли даражада оширишга чақирди:

“Қирғизистон бу борада МДҲ ҳудудида етакчи мамлакатга айланади ва бу мамлакатнинг келажаги бўлган ёш авлодни асрашга ёрдам беради. Ашаддий чекувчилар қанча қиммат бўлмасин, барибир чеккани давом эттиради, аммо нархнинг ошиб бориши болалар ва ўсмирларни ўйлаб кўришга мажбур қилади”, – деди вазир.

Сўнгги хабарлар