Каzinform мутахассислари МNU талабаларига төте жазу алифбосини ўргатмоқда
ASTANА. Кazinform – Кazinform агентлиги Maqsut Narikbayev University талабаларига “төте жазу” алифбосини ўргатиш лойиҳасини амалга оширмоқда. Режага кўра, 300 дан ортиқ бўлажак юристлар ушбу ёзувни ўрганадилар.
– Бу йил биз биринчи марта талабаларимизга “төте жазу”ни ўргатамиз. 3 ҳафталик курсда Олий Ҳуқуқ Мактабининг 1-курс талабалари қатнашадилар. “Төте жазу”ни ўзлаштириш нафақат "Ҳуқуқшунослик" ва "Халқаро ҳуқуқ" мутахассисликлари талабалари учун тарихга бевосита йўл очиб беради, балки уларга ХХ аср жиноят қонунларининг “төте жазу”да босилган асл қозоқ версияларини ўқиш имконини беради. Бир аср аввалги жиноят кодексини ўқиш ва тушуниш қобилияти талабаларимизга Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексига бошқа нуқтаи назардан қараш ва уни такомиллаштириш бўйича ўз фикрларини билдириш имконини беради. “Төте жазу”ни ўзлаштирган биринчи курс талабалари ушбу билимларини юқори курсларда ўзларининг асосий фанларида эркин қўллашлари ва келажакда рақобатбардош ва кучли мутахассисларга айланишлари мумкин, — дейди Гуманитар фанлар олий мактаби Умумий таълим кафедраси координатори Гулзат Алимбаева.

Унинг сўзларига кўра, кейинги ўқув йилида “төте жазу” курсини бошқа мутахассисликлар талабаларига ҳам жорий этиш режалаштирилган.
— Университет ходимлари учун 3 кунлик курс ҳам ташкил этилди. 3 кун давомида университет ўқитувчилари ва ходимларига “төте жазу” ҳарфлари ўргатилди ва тарих саҳифаларида саёҳат қилинди. Ушбу лойиҳа келажакда ҳам давом этади, — дейди Гулзат Қанатқизи.

Лойиҳа Қозоғистон Республикаси Президенти телерадиокомплексининг 30 йиллиги доирасида амалга оширилмоқда. Дарсни “Каzinform” ХАА “төте жазу” таҳририяти шеф-муҳаррири Ризабек Нусипбекули олиб бормоқда.
— Биринчи қозоқ газеталари “төте жазу”да нашр этилган. Халқимизнинг буюк ёзувчилари ўз асарларини шу ёзувда ёзганлар. Алашордадаги ҳуқуқшунослар жиноят қонунларини “төте жазу”да ёзишган. “Төте жазу”ни ўрганиш орқали биз тарихнинг чуқур қатламларига кириб боришимиз мумкин. Бу бизга доно ва билимдон аждодларимиз томонидан ёзилган меросни асл нусхада ўқиш имкониятини беради. Тўлиқ курс давомида талабалар нафақат “төте жазу” алифбосининг тарихий аҳамияти билан танишадилар, балки уни эркин ўқий ва ёза оладиган даражага ҳам эришадилар, — дейди Ризабек Нусипбекули.

“Төте жазу”ни биринчи қозоқ алифбоси деб айтишга асослар бор. 1912 йилда Ахмет Байтурсинули қозоқ тилининг асл товуш хусусиятларини сақлаб қолган ҳолда араб алифбосига асосланган мослашувчан ва қулай маҳаллий қозоқ алифбосини яратди. Бу ёзув мактабларда 1929 йилгача ўқитилган.
Бугунги кунда “төте жазу” алифбосидан Хитой ва Эрондаги қозоқлар фойдаланадилар. Шу билан бирга, Олтойдан кўчиб келган, Ҳимолай тоғларидан ошиб ўтиб, Туркия ва Европа мамлакатларига етиб борган баъзи қозоқлар бу ёзувни ўқишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Кazinform агентлигида 2009 йилдан бери “төте жазу”да таҳририяти мавжуд.