Қасим-Жомарт Тоқаевга иқтисодиётдаги давлат улушини камайтириш режаси тақдим этилди
ASTANА. Кazinform — Давлат раҳбари Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги раиси Марат Омаровни қабул қилди, дея хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Президентга “Иқтисодиётни либераллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар якунлари ҳақида маълумот берилди.
Агентлик раисининг маълум қилишича, иқтисодиётдаги давлат улушини камайтириш бўйича 450 дан ортиқ корхоналарни қамраб оладиган рўйхат тайёрланган. Хусусийлаштириш миллий идораси томонидан ишлаб чиқилган рўйхатдаги корхоналарни рақобат муҳитига ўтказиш таклиф этилмоқда.
Марат Омаровнинг сўзларига кўра, асосий товар бозорларида рақобатни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар доирасида биржа фаолияти қонун ҳужжатлари талаблари ва бозордаги мавжуд савдо шароитларига мослаштирилди. Бугунги кунда 3 та товар биржаси фаолият кўрсатаётган бўлса, Агентликка ушбу соҳада давлат назорати функциялари берилган вақтда 22 та биржа фаолият юритган эди.
Давлат раҳбарига агентликнинг келгуси давр учун иш режаси ҳам тақдим этилди.
Учрашув якунида Президент иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида рақобатни ривожлантириш, агентлик томонидан ўтказилаётган тергов ва текширишлар, кичик ва ўрта бизнес субъектларини ҳимоя қилиш бўйича қатор топшириқлар берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қасим-Жомарт Тоқаев “Тинчлик ва қонунчиликка асосланган келажак” конституциявий суд ҳакамлиги халқаро форуми иштирокчилари билан учрашган эди.